
Жамият
Бугун, 29 апрель куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни ҳам муҳокама қилинди. Қонун юзасидан Сенатнинг бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси — Эркин Гадоев маъруза қилди. Мазкур жараёнда сенатор Азамат Зиё қонун фақат давлат тилида яъни ўзбек тилида қабул қилиниши кераклиги ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.
Хабарга кўра, қабул қилинаётган қонуннинг ўзбек тилидаги ва рус тилидаги версиясига ҳам ўзгартириш ва қўшимча киритиш кўзда тутилган. Бунга сенатор Зиё Азамат Хамид ўғли эътироз билдирган. Унинг таъкидлашича, тартибга кўра, қонун фақат ўзбек тилида қабул қилиниши керак, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин. Сенатор Эркин Гадоев бунга қўшилмаслигини айтиб, буни қонун аввал иккита тилда қабул қилингани билан изоҳлади.
Азамат Зиё:
«Бизни «Давлат тили тўғрисида»ги ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунларимизга кўра, қабул қилинаётган қонунлар ўзбек тилида қабул қилинади. Зарурат туғилганида бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин. Лекин қонунни давлат тилида қабул қиламиз, бошқа тилда эмас.
Ҳозир қабул қилинаётган қонуннинг 2-моддани иккинчи қисмига қарасангиз, 23-позицияда русча матн: фалон-фалон деб ёзяпти — русча матн кетяпти. Мен буни тўғри, деб билмайман. Бу нотўғри, қонунга зид. Қонунни русча қабул қилмаймиз».
Эркин Гадоев:
«Бу амалдаги қонун бўлгани учун фақатгина рус тилидаги матнга тегишли ўзгартириш кўзда тутиляпти».
Азамат Зиё:
«Йўқ, биз бошқа тилдаги қонунни умуман қабул қилмаймиз. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 33-моддасига кўра, агар таржимада давлат тилида ёзилган матн билан тафовут бўладиган бўлса, давлат тилидагиси тўғри бўлади, деган жойи бор. Бошқа тилдагисига ҳеч қандай ҳожат йўқ».
Эркин Гадоев:
«Тўғри айтяпсиз, лекин бу амалдаги қонун. Сиз айтган нарса янги қонунлар учун, давлат тилида қабул қилиняпти, кейин бошқа тилларга таржима қилиняпти».
Азамат Зиё:
«Биз эртага уялиб қоламиз. Чунки «Давлат тили тўғрисида»ги ва мен ҳозир айтиб ўтган бошқа қонун бор. Шуни қабул қилдикми, бўлди. Таржимага жавоб бермаймиз, ўн хил тилга таржима қилиниши мумкин. Давлат тилидагиси бирдан-бир ҳисобланади. Мен сизни тушуниб турибман, саволни ўйлаб бердим. Қонунни тайёрлаганлар ҳам айтиши мумкин, бу қонун ўн йил аввал қабул қилинган, деб. Лекин ҳозир қарорни биз қабул қиляпмиз, биз жавоб берамиз».
Эркин Гадоев:
«Биринчи кўриб чиққан «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги қонун давлат тилида қабул қилинган. Янги нормалар киритилганидан кейин, фақат давлат тилидан таржима қилинади. Ҳозир эса амалдаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Шунинг учун ҳам ўзбек тилидаги, ҳам рус тилидаги матнларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Амалдаги қонун бўлгани учун».
Азамат Зиё:
«Мен сизга такрор атаяпман «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» тўғрисидаги қонунининг 33-моддасида айтиб қўйибди: давлат тилида ёзилган матн билан тафовут бўладиган бўлса, давлат тилидагиси тўғри бўлади. Лекин сиз ҳозир айтаётганингиз таржима. Мени вазифам уялиб қолмаслик учун айтиб қўйиш. Бу эълон қилинаётганида жамоатчилик томонидан савол қўйилиши мумкин».
Эркин Гадоев:
«Раҳмат, фикрларингизни Қонунчилик Палатасига ҳам етказамиз. Лекин ҳозирги шароитда сиз айтаётган нарсаки, янги қабул қилинаётган қонунлар давлат тилида қабул қилинади, кейин таржима қилинади. Бу амалдаги қонун бўлгани учун шу тартибда киритилмоқда».
Сенат раиси Танзила Норбоева сенатор Эркин Гадоевнинг фикри тўғри эканини айтиб, муҳокамага якун ясади:
«Ҳозир айтилган нарса, Азамат Хамидович, иккита тилдаги матнга ўзгартириш киряпти. Қонун аввал иккита тилда қабул қилинган. Бу нотўғри эмас. Қонунлар ҳозир давлат тилида, авваллари рус тилида ёзилар эди. Кейин ўзбек тилига таржима қилинарди. Ҳозир ундай эмас, бирданига ўзбек тилида қонунлар ёзилмоқда. Шунинг учун аввал иккита тилда бўлгани учун рус тилидаги матнга ҳам ўзгартириш киритилиши керак».
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ