
Сиёсат
2025 йил 5 май куни Самарқанд шаҳри Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши раҳбарларининг иккинчи саммитига мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли халқаро анжуман икки минтақа ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва минтақавий интеграция жараёнларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Бу анжуман орқали икки минтақа мамлакатлари нафақат ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки умумий келажак учун биргаликда ишлашга тайёр эканликларини намоён этади.
Халқаро экспертлар ҳамжамиятининг таҳлилларига кўра, мазкур саммит Марказий Осиё мамлакатлари учун қатор истиқболли натижаларга замин яратиши мумкин.
Жумладан:
а) Янги сармояларни жалб этиш, ўзаро савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг барқарор моделини шакллантириш;
б) Минтақада замонавий транспорт йўналишлари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш халқаро бозорлар билан чуқурроқ интеграцияни таъминлаб, Марказий Осиёни глобал юк ташиш тизимининг муҳим бўғинига айлантириш;
в) Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш энергетик диверсификация ва экологик барқарорликни мустаҳкамлашда стратегик аҳамият касб этиш;
г) Маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, хусусан, туризм ва ижодий ҳамкорлик йўналишларидаги саъй-ҳаракатлар халқлар ўртасида ўзаро ишонч, англашув ва яқинлик муҳитини ривожлантириш.
Марказий Осиё ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик формати 2022 йил сентябрь ойида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви билан бошланган. 2023 йил июль ойида Жидда шаҳрида давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи саммит ўтказилди.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш жоиз: бугунги кунда кўплаб давлатлар Марказий Осиёга алоҳида мамлакатлар сифатида эмас, балки минтақавий ягона куч сифатида мурожаат қилмоқда.
Бу тенденция глобал сиёсат ва иқтисодиёт саҳнасида Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган аҳамиятини кўрсатади. Айнан шундай ёндашув – умумий манфаатлар асосида барқарор ва тизимли ҳамкорликни ривожлантириш, минтақа ичидаги ўзаро интеграцияни чуқурлаштириш учун янги эшиклар очади.
Шундай қилиб, Самарқанддаги ушбу саммит нафақат икки минтақа ўртасидаги муносабатлар тарихида муҳим бурилиш нуқтасига айланади, балки Марказий Осиёнинг глобал майдондаги ролини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ