СИ ёрдамида яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйилади

Сақлаш
10:27 / 16.04.2025 10 0

15 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

 

Унда Сунъий интеллектни қўллашда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди. Қайд этилишича, дунёда сунъий интеллект соҳасини молиялаштириш ўсиб бормоқда.

 

 

"2023 йилда бу соҳага 154 миллиард доллар ажратилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич икки бараварга ошди, 2030 йилга бориб 10 баравар ўсиш прогноз қилинмоқда" – дейди қонун лойиҳасини тақдим этган депутат Шаҳноза Холмахматова.

 

Унга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага сунъий интеллектни жорий этиш учун шароитлар яратилмоқда.

 

СИ ишлаб чиқариш, ҳужжат айланиши, инсон омилини камайтириш, жиноятчилик ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда ёрдам беради. Бироқ сунъий интеллектнинг ривожланиши фуқароларнинг шахсий дахлсизлигини хавф остига қўяди.

 

Хусусан, 2024 йил давомида таниқли шахсларнинг фотосуратлари ва видеоларини сунъий интеллект ёрдамида қалбакилаштириш 50 баробар ошган. 2023 йилда Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланган ноқонуний материалларни тарқатиш бўйича 1129 та, 2024 йилда 3553 та ҳолат қайд этилган. Фуқароларнинг ишончига кириш учун бошқа шахсларнинг овозлари ва тасвирларидан фойдаланилган.

 

Шу сабабли, қонунчиликка сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларига оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Унда "Сунъий интеллект" тушунчасига таъриф берилиши билан бирга, соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланмоқда.

 

Лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш талаби назарда тутилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсон, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талабни киритиш кўзда тутилган.

 

Шунингдек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор қарорларни қабул қилишда фақатгина СИдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва СИ технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таянилмаслиги ҳам ўз аксини топмоқда. Қонун лойиҳасида СИ технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОАВ ҳамда интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланади.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Лойиҳа Сенатга юборилиши ва қабул қилиниши учун иккинчи ва учинчи ўқишда ҳам қабул қилиниши керак.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//