
Жамият
Ижтимоий тармоқларда «Мадина шаҳрида хурмо экиб, савоб олинг» мазмунидаги пул эвазига бирор бир шахс номидан кўчат экиш ваъда қилинаётган видеолар тарқалмоқда.
Ўзбекистон экологик партияси раҳбари Абдушукур Хамзаев мазкур ҳолатга эътибор қаратиб, шу ишга фаол ёндашаётганларни танқид қилди.
Хамзаевнинг ёзишича, суратларда айрим фуқаролар томонидан пул ўтказилгани ва уларнинг номидан хурмо кўчатлари экилаётгани ҳам тасвирланган.
«Ислом динида ҳам «Яхшиликни аввал яқинларингга қил» деган гап бор. Энди савол туғилади, нима учун ўз маблағимизни ўзга юртнинг обод бўлиши, бегона одамларнинг қулай шароитда яшашига сарфлашимиз керак?
Дарахт экиш эзгу амал, бунга ҳеч бир эътироз йўқ. Аммо шу ишни ватанимизда, ота онамиз, яқинларимиз, қолаверса, келажак авлодларимизга нафи тегадиган жойда қилиш тўғри эмасми?! Энг ёмони, бундай пайтда фирибгарлар ҳам «отини қамчилайди». Мадинада дарахт экиш баҳонасида йиғилган пуллар фирибгарлар қўлида йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли ҳам катта», деб ёзади Экологик партия раҳбари.
У Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига ҳам тўхталар экан, ҳар йили юртни обод қилиш, чўлланишга қарши курашиш мақсадида 200 миллионлаб кўчатлар экилаётганини таъкидлаган. Бунинг қўшимча қилишича, фуқароларнинг фаоллиги, жонкуярлиги бўлмаса бу мақсадга эришиш осон бўлмайди.
«Бу Ватан ҳаммамизники. Шундай экан хайрли ва савобли ишларимизни ўз юртимизда қилайлик. Зеро, эртага бу ерда сизу бизнинг фарзандларимиз, келажак авлодларимиз яшайди», деб ёзди Абдушукур Хамзаев ўз саҳифасида.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ