Ижтимоий тармоқлардаги «reels»лар мияни «чиритади»

Сақлаш
15:21 / 17.12.2024 44 0

Жорий ой бошида Оксфорд луғати томонидан 2024 йилда энг кўп ишлатилган сўз «миянинг чириши» (brain rot) бўлди. Бу эса замонавий жамиятдаги янги ҳодисаларга тўғри баҳо берувчи сўз дея қаралмоқда. Яъни, мазкур атама эндиликда асосан чексиз скроллинг, кераксиз маълумот истеъмоли ва интернетда вақтнинг беқарор сарфланишини ифодаламоқда.

 

Хўш, мия ростдан ҳам қандай қилиб «чириш»и мумкин?

 

Хорижий экспертларнинг фикрига кўра, ижтимоий тармоқлар ва бошқа онлайн контентларни мунтазам тарзда томоша қилиш инсон миясининг «чириш»ига сабаб бўлар экан.

 

Невролог Кйра Бобинет доимий тарзда «reels» томоша қилувчиларга қуйидагича таъриф беради:

 

«Бунда одамлар эътиборни жалб қилишда қийинчиликларга дуч келади. Уларнинг мияси хиралашган, концентрацияси кам... Улар диққатни жамлаб ишлай олмайди. Шунингдек, бунинг ортида ёлғизлик эпидемияси ҳам турибди. Чунки биз бошқалар билан муносабат ўрнатишга эътибор қарата олмаймиз».

 

Бобинетнинг таъкидлашича, миянинг ҳабенула деб аталадиган қисми миянинг мотивация ва қарор қабул қилишда жавобгар ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлар эса миянинг бу қисмини фаоллаштириши ва «ўчириб қўйиши» мумкин.

 

«Бу мотивациянинг йўқолишига олиб келади», дейди у.

 

Инсон ҳар сафар бирор ишни бажариш ўрнига ижтимоий тармоқларни танлаганида, қолдирилган иш учун хавотир ва айбдорлик ҳиссини туяди. Бу эса ҳабенулани янада кучлироқ фаоллашишга ундайди.Оқибатда, мотивация йўқолади, негатив ҳиссиётлар эса ортиб бораверади.

 

Мия «чириш»идан қутулишнинг имкони борми? Бобинетнинг айтишича, бунга ягона ечим мавжуд эмас. Энг муҳими – инсон ўзига мос келадиганини ўрганиш. Бунда «ўзгариш киритиш, яхшилашга ҳаракат қилиш ва созлаш»га амал қилиш керак.

 

Яна бир мутахассис, доктор Дон Грант «reels» тизимини ишлаб чиқувчиларни ўйин машиналари яратадиганларга қиёслайди.

 

«Улар жуда ақлли, бу алгоритмларни яратган ва бизнинг лимбик тизимимиздан фойдаланадиган яратувчилар — худди ўйин машиналарини яратган одамларга ўхшайди», дейди у.

 

Грант ижтимоий тармоқлардаги видеоларни томоша қиладиган ва улардан ҳеч бирини эслаб қололмайдиган болалар ҳақида гапиради.

 

«Мен уларга айтаман: «Хўш, менга эсингда қолган бирорта видеони айтиб бера оласанми?». Мен ҳозирча видеоларни кўриб эслаб қолган бир нафаргина болани биламан. Бизнинг мия материямиз камайиб бормоқда, хотираларимиз сусаймоқда, эътиборимиз пасаймоқда», дея хавотир билан гапиради у.

 

Доктор Дон Грант одамларнинг чексиз ва тубсиз бўлган «reels»лар оқимига ёпишиб қолмаслиги учун ўзининг маслаҳатларини ҳам бериб ўтади. У болага видеоларни ўтказиб юборишдан қўрқиш (фомо) тармоқда онлайн қолишга сабаб бўлмаслигини тушунтириш керак деб ўйлайди. Катта ёшлилар эса қарамликдан қутилиш учун интернетда стратегия билан ҳаракатланиши керак экан. Яъни, кўриладиган контентларнинг 80 фоизи мазмунли ва зарурий нарсалар, қолган 20 фоизи ўйин-кулгига бағишланган бўлсин.

 

Бундан ташқари, фойдаланувчи қурилмасида интернетдан фойдаланиш вақтини чекловчи режимни ёқиши керак. Смартфондан фойдаланишни ман қиладиган уй зоналарини яратиш, сайр қилиш ва велосипедда айланиш ҳам бу курашда анча-мунча ёрдам беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//