Илм-фан
“Тамаддун, маданият ва маърифат” – ушбу мавзу доирасида республика бўйлаб “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Олим, зиёли, санъат ва маданият намоёндалари, маънавий-маърифий ишларга масъуллар, маҳалла фаоллари ҳамда илғор ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, мамлакатнинг миллий-мафкура йўналишидаги ислоҳотлари, жамиятни, айниқса ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишда зиёлиларни фаолликка ундаш, улар учун мулоқот платформасини яратишни мақсад қилган тадбирлар 3 декабрь куни бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида старт олди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбирларда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳам иштирок этди. Беруний тумани фаоллари ва нуронийлар ушбу тадбирда онлайн иштирок этди.
Лойиҳа доирасида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми, “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ҳамда “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мавзусида илм-фан ва инновацияларга бағишланган маҳорат дарслари ташкил этилади.
“Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбирлар бирлик, ҳамжиҳатлик, мақсади бир, кўзлаган марраси улкан қардошларнинг мулоқот платформаси бўлди! – дейди Отабек Ҳасанов.
Сурхондарё вилояти Имом Термизий Халқаро илмий-тадқиқот марказида “Тамаддун, Маданият, Маърифат” мавзусида илмий конференцияда дастлаб «Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми ўтказилди.
Наманган вилоятидаги диний-маърифий конференция “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусидаги зиёлилар форумидан бошланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбир фаоллари 4 декабрь куни Хоразм, Фарғона, Сирдарё, Бухоро вилоятлари томон йўл олди.
ТАТУ Фарғона филиалида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида бўлиб ўтган зиёлилар форумида ҳудуд имом-хатиблари, ҳожилар, маҳалла фаоллари ҳамда олий таълим ўқитувчилари иштирок этди.
Урганч давлат университетида “Янги Ўзбекистонда маънавий, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусидаги зиёлилар форумида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари бўйича атрофлича сўз юритилиб, видеороликлар намойиш этилди.
Бухоро вилоятида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми ҳамда “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
5 декабрь куни лойиҳа фаоллари Навоий, Андижон ва Қашқадарё ҳудудларига етиб борди.
Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадига қаратилган “Маърифат карвони” доирасидаги тадбир Навоий вилояти Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилоятидаги тарғибот тадбири Давлат мадҳияси ижроси билан бошланди.
Андижон давлат университети мажлислар залида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусидаги зиёлилар форумда ҳудуддаги имом-хатиблар, ҳожилар, маҳалла фаоллари ҳамда маънавият тарғиботчилар иштирок этмоқда.
Республика бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар лойиҳаси биринчи навбатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18-20 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқи мазмун-моҳиятини зиёлилар иштирокида кенг оммага етказишни мақсад қилган.
Бундан ташқари, тарғибот тадбирлари орқали янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини зиёлилар ўртасида кенг тарғиб этиш, аҳоли, хусусан ёшларга “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш, миллатлараро тотувлик, бағрикенгликни таъминлаш, юртдошларимизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш кабилар кўзда тутилган.
“Маърифат карвони” тарғибот тадбирлари 15 декабрига қадар давом этиши режалаштирилган.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ