Янги ҳужжатли фильм премьераси: Қодирий фонида бир жойда депсиниб қолган, йўлсизлик касали билан оғриган жамият кўрсатиб берилган

Сақлаш
15:27 / 21.12.2021 1562 0

Кеча, 20 декабрь куни Конгресс холлда Тошкент Ёшлар форуми-2021 доирасида “Абдулла Қодирий” ҳужжатли фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

 

 

Премьерада Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова, устоз журналист-олимлар Акбар Нурматов ва Назира Тошпўлатова, ёзувчининг набираси Хондамир Қодирий сўзга чиқиб, адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб ўтишди. Фильм сценарийси ёзувчи Фаррух Жабборовнинг “Ассалому алайкум, дорнинг оғочи” эссеси асосида ёзилган.

 

 

Режиссёр Умид Ҳамдамов, сценарий муаллифлари Фаррух Жабборов, Иқбол Қўшшаева. Ролларда Элёрбек Атабаев, Вламидир Юдин, Самиддин Лутфуллаев, Санжар Намозов, Нигора Нурматова ва бошқалар. Ҳикоячи Эркин Бозоров. Бадиий раҳбар Шуҳрат Ризаев, лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов. Картина Тошкент давлат Техника университети билан ҳамкорликда суратга олинган.  

 

 

Фильмни томоша қилган бир қанча зиёли юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда фикрларини ёзиб қолдиришди.

 

Жумладан, филология фанлари номзоди, доцент Назира Тошпўлатова шундай дейди:

 

Атоқли адиб, миллатнинг буюк фарзанди – Абдулла Қодирий ҳақида реал воқеалар, тарихий фактларга янгича, ўзига хос тарзда ёндашилган фильм бўлибди. Аввало, икки оғиз сценарий хусусида. Таниқли публицистлар Фаррух Жабборов ва Иқбол Қўшшаевалар томонидан ёзилган сценарий публицистик ифоданинг устунлиги,  ҳаётийлиги ва деталларга бойлиги билан томошабин эътиборини ўзига тортади. Режиссёр Умид Ҳамдамов меҳнати ҳам шунга яраша бўлган. Фильмда Абдулла Қодирий шахси, унинг машаққатли ҳаёти, ўша даврнинг мураккаб манзаралар, адиб яратган асарлари, образларидаги ишоралар  орқали очиб берилган. Фильмнинг бошидан охиригача кадр ортидан ҳассос шоир Рауф Парфининг "Ассалому алайкум, дорнинг оғочи" деб номланган шеърининг ўқиб турилишида ҳам ўзига хос ишора бор. Тўғрироғи, бутун фильм шу шеър асосига қурилган. Кадр ортида Туркистоннинг  ўша даврдаги оғир аҳволи, яшаш тарзи ишонарли тасвирланган.

 

Ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова:

 

“Ўткан кунлар” романини ўша вақтда ўқигани учун 10 минг одам қамалган экан. Тасаввур қиляпсизми? Энди Қодирийнинг ўзи қай аҳволга тушганини тахмин қилаверинг. Абдулла Қодирий ҳақидаги ҳужжатли-бадиий фильм ҳақида кўп сўз айтмоқчимасман. Фильмда эшитганим – ҳамма замон ва давр учун мос келадиган бир иқтибосни келтирмоқчиман: “Сенинг жамиятдаги мавқейинг, фаровон ҳаётинг – катта ёлғонга қанчалик ҳисса қўшишингга боғлиқ. Ҳукуматни адабиётга аралашиши Отабекдек, Анвардек шахсларни Обид кетмон даражасига тушишга мажбур қилади. Истеъдодлар адабий мардикорга айланади”. Сўзни сиёсатдан устун қўйган Абдулла Қодирий шахсияти ва ижодига берилган тўғри ва холис қараш учун, бугунги кун зиёлиларига қаратилган муҳим хулосалар учун ҳам фильм ижодкорларига раҳмат!

 

Ёш шоир Хуршид Абдурашид:

 

Ҳужжатли фильм анча креатив ишланибди. Оператор ва рассомнинг иши таҳсинга лойиқ. Умуман, ижодий жамоа бир-бирини тўлдириб яхши фильм яратишибди. Ҳужжатли фильмда Қодирий ҳаётидаги салбий қирралар ҳам акс этгани асарнинг ютуғи. Объективлик яхши барибир. Йўқса, Қодирий образи қизил қаҳрамон бўлиб қолиши мумкин эди. Бир эпизодда ўша совет ҳукуматининг ташаббуси билан ёзилган "Обид кетмон" қиссасига урғу қаратилган. Қолаверса, Қодирий фонида бир жойда депсиниб қолган, йўлсизлик касали билан оғриган жамият кўрсатиб берилган.  

 

Шоира Дилрабо Мингбоева:

 

Ҳақиқат ҳақидаги ҳақиқатни томоша қилдик. Тўғрироғи, ҳужжатли фильм билан бадиий фильмнинг уйғунлигидан бунёд бўлган асарни кўрдик. Бугун Хондамир Қодирий айтдиларки: “Қодирий каби шахсларни қадрлаш ҳам қадрият”. Ҳа, ҳарқалай, ўзбек қадриятлари супургини турғазиб қўймаслик, кўзга тик қарамасликдангина иборат эмас. Бугун Абдулла Қодирий исмли Ҳақиқатнинг эгилгани, букилгани ва синдирилганини фильмда кўрган томошабинларнинг деярли ҳаммаси унсиз йиғлади. Тўкилган шўр кўз ёшлар ва тикланган бир Қадрият муборак!

 

 

Психолог Нигора Ғаниева:

 

Ҳужжатли фильм деганда мен фақатгина фактлардан ва мутахассисларнинг берган фикрларидан иборат кинони тушунардим. Бугун Абдулла Қодирий ҳаётига бағишланган хужжатли фильм премьерасидан сўнг фикрим ўзгарди. Баъзида хужжатли фильм бадиий фильмдан ҳам кўра томошабинни таъсирлантира олар экан. Залдаги барчанинг кўзи экрандан узилмади. Бугунги кун учун, ажойиб фильм учун киноижодкорларга раҳмат. Сценарийнависларга алоҳида ташаккур.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА тайёрлади

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//