Ёзув, тил юртнинг мавқеини белгилайди

Сақлаш
17:38 / 17.12.2021 1592 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 20 январида “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 34-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси  Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида 2020 йил 9 март куни ўтказган видеоселектр йиғилиши 01-30/1-3425 сонли баёнининг 5-бандида ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўзгазмали бошқа ахборот матнларини “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни талабларига мувофиқлаштириш вазифаси белгилаб қўйилди.

Бу дегани, реклама баннерларидаги ёзувлар, эълон ва пешлавҳалар, ҳар қандай реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари тўлиқ давлат тилида берилиши шарт ва мажбурийдир. Аммо, ҳақиқатдан ҳам шундайми?  

Саволимизга жавобни Тошкент шаҳри кўчаларида, маҳаллаларида юриб  ахтардик. Аммо нигоҳимиз тушган манзаралар кетма-кетлиги таъбимизни тобора хира қилаверди. Чунки эълон матни ва пешлавҳалар  исталган кўринишда, исталган тилда ёзиб жойлаштирилган. Пешлавҳаларда кўплаб ёзувлар рус ва инглиз тилида берилган. Баъзи жойларда кирилл, баъзи жойларда эса лотин алифбосидан фойдаланилган. Имло хатолари мавжуд.

 

 

Дафтаримизга рус ва инглиз тилида ёзилган баннерлардаги рекламалар, пешлавҳалар, эълонларнинг сонини санаб ёзиб борар эканмиз, саноқ кўпайгандан кўпайиб бориб, адашиб кетдик. Лотин ҳамда крилл алифбосида ёзилган пешлавҳаларни, рекламаларни санаш эса анчайин осон кечди. 

Баъзи жойларда паннолардаги ёзувлар ва суратларнинг ранги ўчиб хира тортганига, йиртилиб осилиб қолганига ҳам гувоҳ бўлдик. 

Тадбиркорлик субъектлари, хизмат кўрсатиш объектлари, корхона ва ташкилотлардаги пешлавҳалар, нархномалар ва эълонлар, айниқса, аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо расталари, маҳалла гузарлари кўчаларда панно ва баннерлардаги ёзувлар  давлат тили қоида меъёрларига мутлақо мос эмаслиги ҳолатларини афсуски ва яна афсуски жуда кўплаб учратдик. Яхшилаб разм солинса кўринади, шаҳар ва кўчаларни турли шаклда ёзилган, имловий хатолари бор матнлар эгаллаб олган.   

 

 

Гувоҳ бўлганимиз, инглиз тилида ёзилган Sultan Ahmet-RESTAURANT – Султан Аҳмад ресторани, DIAMOND CENTER – Диамонд маркази (Олмос маркази),WHITE HOUSE – Оқ уй, BOUTIQUE – Бутик, кичик дўкон, EVEREST – Чўққи, FABERLIC – Фирма номи, VALENTINA NAILS STUDIO – Валентина тирноқлар студияси, HAMMER SPORT – Ҳаммер (машина тури) спорт, FLASH – чақнаш, милтиллловчи маъноларини билдиради.  FITNESS WOMEN – Аёллар мослиги, яроқлилиги (аёлларнинг жисмонан  бақувватлиги, мослашувчанлиги.) Бундай мисолларни истаганимизча келтиришимиз мумкин.

Рус тилида ёзилган кўплаб сўзларга дуч келдик. ОХОТА РЫБАЛКАни БАЛИҚ ОВИ, АПТЕКАни ДОРИХОНА, ВСЁ ДЛЯ ДОМАни  ҲАММА НАРСА УЙ УЧУН, МЫ ОТКРЫЛИСЬни БИЗ ОЧИЛДИК, ХЛЕБни НОН, ДЕТСКИЙ САДни БОЛАЛАР БОҒЧАСИ шаклида ёзса бўлади-ку.

 

 

Кишини ўйлантирадиган бир ҳолат мавжуд. Тадбиркор ўзининг ишини кўрсатиш, реклама қилиш мақсадида Реклама агентликларида фаолият кўрсатаётган мутасаддиларга мурожаат қилади. Белгиланган миқдордаги пулни ҳам тўлайди. Агентлик мутассадилари ўзбек тили давлат тили эканлигини, лотин алифбосида иш юритиш кераклигини наҳотки билишмаса?

Матнларни хатосиз ёздиришни билмасак, филологлардан маслаҳат олсак бўлади-ку.

Барча туманларда Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини  таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар мавжуд. Улар тегишли хизмат ходимларини жалб этган ҳолда  туманлардаги пешлавҳалар, реклама ва  ахборот матнлари, ташқи ёзувларни ўрганиш, бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида кўраётган чора-тадбирларининг самараси, афсуски, сезилмаяпти.

                                                                       

                                                                          Ойгул УБАЙДУЛЛА ҚИЗИ,

          Республика Маънавият ва маърифат марказининг мутахассиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//