Жамият
Бугун, 16 декабрь куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида Жаҳонгир Ортиқхўжаев гапирди. Ҳоким пойтахтда кесилиб кетган дарахтларда айби борлигини тан олди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиевга кўра, Тошкент шаҳрида 1,2 млнга яқин дарахтлар хатловдан ўтказилган. Лекин уларнинг 20 фоизи ҳам ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган. Натижада мораторийга қарамасдан, дарахтларни кесиш ҳолати ҳамон давом этмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2021 йилнинг январь – ноябрь ойларида 33609 дона дарахтларни кесиш учун Экология қўмитасига аризалар келган. Улардан 22145 да дарахт рад жавоби билан сақлаб қолинган. Лекин кўп жойларда қурилишлар дарахтлар бор жойларда бўляпти.
“Охирги йилларда дарахтларнинг аниқ эгаси бўлмаган. На экологияга, на ҳокимиятга қарашли бўлган, рақамлаштирилмаган. Ким қаерга хоҳласа, дарахт экилган. Экиш керак бўлмаган жойга ҳам дарахт экилган. Экиш керак бўлган жойларга экилмаган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан экологик полиция ташкил қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида рақамлаштириш маркази ташкил этилди. Ушбу марказ орқали ҳар бир дарахт ҳисобга олиниб, унинг бошқарувини йўлга қўйганмиз.
Ҳақиқатан кесилиб кетган жойлари бор. Шаҳар ҳокимияти бунда тўғридан тўғри ёрдам беролмай қолган жойлари ҳам бор, айбдор жойлари ҳам бор, мен буни тан оламан. Қурилиш майдонларида кесилиб кетган, нобуд бўлган дарахтлар бор, буни ҳам тан оламан”, – дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Тошкентдаги қурилиш реконструкция ишлари оқибатида суғориш тизимига жиддий зарар етган. Бунинг ортидан эса Ғофур Ғулом боғида 15 та, Абдулла Қодирий боғида 35 та дарахт қуриб қолган.
“Ҳозирги вақтда сувнинг ер сатҳидан қочиши шаҳардаги қурилишларга боғлиқ эмас. Чунки битта Тошкент шаҳрида эмас, бутун дунёда экологиянинг ўзгариши сувларнинг ер сатҳидан пасайишига олиб келяпти. Мен ўйлайманки, бу масала устида ҳам экологларимиз ишлашади.
Айтдим-ку, бу дарахтларнинг эгаси бўлмаган. Йиллар давомида кимдир 1,5 миллион, яна кимдир 2 миллион дарахтимиз бор деган. Лекин бу дарахтлар қаерда, қандай дарахтлар экани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар бўлмаган. Мана энди биз Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида рақамлаштириш марказини ишга туширдик. Экология қўмитаси билан бирга дарахтларни ҳимояга олиш ва уларни муҳофаза қилиш учун бирма бир рақамлаштиряпмиз”, – дейди Ортиқхўжаев.
Жамият
Сиёсат
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ