Жамият
Вақти замонида Усмон Носир ҳақида «У шеъриятимизга бўрон каби кириб келди» деб таъриф берилганди. Хўш, бугун-чи, бугун ўзбек адабиётига ана шундай шиддат билан кириб келаётган ёшлар борми? Бор бўлса уларга таъриф беришга ҳақдор катта ўзбек шоир, ёзувчилари, адабиётшунослари улар ҳақида биладими, уларни ўқийдими?
Айни шу саволларга жавоб топиш мақсадида Oyina.uz сайти ўзбек адабиётидаги катта авлод шоир, ёзувчилари ҳамда адабиётшуносларига улар ўқийдиган 10 та ёш ижодкор рўйхатини сўраб юзланди. Натижалар эса бир қадар ҳайратли, бир қадар кутилган ва кутилмаган.
Сўровномадаги шоирлар рўйхати учун 10 дан ортиқ шоир, адабиётшуносларга мурожаат қилдик. Афсуски, бир нечта ижодкорлардан жавоб олишнинг имкони бўлмади. Усмон Азим, Ҳалима Аҳмад, Сирожиддин Саййид, Фахриёр каби устоз шоирлар эса рўйхат бермасликни маъқул кўришди. Сабаби кимдир ёшларни ўқиб борса-да ҳали фикр билдиришга эрта деб ҳисоблайди, кимдир эса деярли ўқимайди, кимнингдир эса тадбирлар, ишлар сабаб вақти йўқ...
Хуллас, 11 нафар ижодкор – Йўлдош Эшбек, Хуршид Даврон, Азиз Саид, Эшқобил Шукур, Иқбол Мирзо, Зебо Мирзо, Ҳосият Рустамова, Сувон Мели, Баҳодир Карим, шунингдек, «Ёшлик» журнали муҳаррири Нурилла Чори, Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ботир Эргашлар берган рўйхатга кўра, бугун ўзбек шеъриятида 30 ёшгача (баъзи истиснолар ҳам учради) бўлган шоирлар 10 талигида ёш ижодкорлар қуйидагича ўрин эгаллади:
1. Жонтемир – Шаҳриёр Шавкат – 7 та овоз
2. Меҳриноз Аббосова – Мадина Норчаева – 6 та овоз
3. Суҳроб Зиё – Феруза Хайруллаева – 5 та овоз
4. Мирзоҳид Музаффар, Муҳаммад Сиддиқ, Кумуш Абдусаломова – 4 та овоз
5. Нозима Ҳабибуллаева, Раҳмат Бобожон, Бегали Эшонқулов, Хуршид Абдурашид, Башорат Отажонова, Тилланисо – 3 та овоз
6. Беҳзод Фазлиддин, Жамолиддин Бадалов, Нурмуҳаммад Азиз, Наргиза Одинаева, Жалолиддин Саййид, Нажмиддин Эрматов, Гулҳаё Анорова, Зулҳумор Орифжонова – 2 та овоз
Шунингдек, Элёр Мурод, Бобур Элмурод, Ифтихор Хонхўжаев, Муҳаммад Иброҳим, Олимжон Суяр, Шавкат Дўстмуҳаммад, Абдуқодир Маҳмуд, Иқбол Юсуф, Масиҳуллоҳ, Ислом Қўчқоров, Феруз Неъматуллаев, Рафиқ Сайдулло, Фаррух Ҳасанов, Ирода Умарова, Насрулло, Алишер Боймуродов, Рустам Мирвоҳид, Ирода Раҳмоналиева, Мирзаозод Мирзанеъматов, Севинч Авезова, Нилуфар Ҳамроева, Хўжаёр, Ориф Комил, Саодат Файзиева, Набибулла Азизов ҳам устозлар томонидан эътироф этилди.
Шу ўринда сўровнома жараёнида шоир Азиз Саид томонидан айтилган бир гапни келтириб ўтишни жоиз топдик:
– Ижодкорларнинг ошкора рейтинглари, овоз беришлар, саноқлар кўряпмизки уларни ажратиб ташлаяпти. Бирови бировидан бегоналашгандай кайфият, гўё камситилгандек кўнгли чўккан... Ажратадиган эмас, бирлаштирадиган усуллар топиш керак. Мен сизга 10 та фамилия берарман ҳам, лекин 11-12-15-сининг ҳам мен эътироф этадиган фазилатлари бор, уларчи.... Шаҳарларни катталигига, минораларнинг баландлигига, бойларнинг сармоясига, киноларнинг кўп кўрилганига, китобларнинг кўп сотилганига қараб 10 лик, 20 талик рўйхатлар тузиш мумкин, аммо инсон... Ижод қалб билан, туйғулар билан боғлик... Сенинг қалбинг, туйғуларинг, изтиробинг, муҳаббатинг бу 10 таликка кирмади, деймизми... Истеъдод Худодан, унинг қай даражада эканлиги айни ижодкорнинг шахсий фазилати ҳам, айби ҳам эмас. Маҳорат бутунлай бошқа масала...
Аммо сўровноманинг мақсади кимларнидир ажратиб кўрсатиш эмасди, асло. Мақсад... Бу ҳақида мақола сўнгида тўхталиб ўтамиз.
Ёш носирлар рўйхати ҳам 11 нафар ижодкорлар – Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, шунингдек, Сувон Мели, Марҳабо Қўчқорова, Баҳодир Карим, Нурилла Чори, Ботир Эргашларга таяниб тузилди.
Айтиш керакки, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Узоқ Жўрақуловлардан рўйхат сўралганида жавоб бермасликни маъқул топишди. Сабаби эса юқорида айтилганидек, кимдир ёшларни аяйди, кимдир ўқимайди уларни, кимдир эса ўзбек адабиётида ҳеч ким йўқ деб ҳисоблайди...
Аммо, баъзи адиблар ёшлар ҳақидаги аниқ тасаввурларини биз билан бўлишди. Жумладан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ўзи берган рўйхатдаги ёзувчилар ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
- Бу ёшларимизнинг ҳар бири ўзига хос, ифода услуби, воқеа ва моҳиятга ёндашиши турлича. Айтайлик, ўнта ижодкор ижодига разм солсангиз, воқеликнинг ўн хил аксини кўра оласиз. Уларнинг ҳикоя ва қиссаларида замон тушунчаси «катта авлод» асарларидан ўзгачароқ тарзда акс этади: бири учун бугун - ўтмиш ва ҳозирнинг бирлашуви, бошқаси учун эса, келажакнинг тамали бўлиб туюлади. Яна бири реал ҳаётдан бутунлай «узилиб», унинг киши онгидаги аксларига қизиқади. Хуллас, ҳали узоқлашиб улгурмаган болаликнинг беғубор таассуротлари, ранго-ранг тасаввурлар, устоз адибларнинг гоҳ очиқ-ойдин, гоҳ билинар-билинмас сезилиб турган таъсирлари - шуларнинг бари асарларда кўриниб туради. Шахсияти такомилга етиб боришига ва билими ошиб боришига қараб, эртанги кунимизнинг янги ёзувчиларига айланишади, деган умид бор.
Демак, 35 ёшгача бўлган ўзбек носирлари 10 талигида бугунги кун ижодкорлари қуйидагича ўрин эгаллади:
1. Нодирабегим Иброҳимова – 8 та овоз
2. Байрам Али Қўлдошев – 6 та овоз
3. Нуриллла Чори – 5 та овоз
4. Шерзод Комил Халил, Санжар Турсунов, Жасур Кенгбоев, Жавлон Жовлиев – 4 та овоз
5. Рахшона Аҳмедова, Наврўза Мaҳаммадхўжаева, Шавкат Дўстмуҳаммад, Биби Робия, Холиёр Сафаров, Муяссар Тиловова – 3 та овоз
6. Гўзалой Солиҳ, Шербек Бобонор ўғли, Анвар Суюн, Шаҳзод Эргашев, Азизбек Норов, Маъруф Менгли – 2 та овоз.
Шунингдек, Алишер Назаров, Алишер Файзуллаев, Жуманазар Йўлдошев, Шукрулло Аҳмедов, Суҳроб Аввалбоев, Рафиқ Сайдулло, Манзура Абдуллаева, Сардор Ҳамроев, Азиз Норқулов, Боборавшан Ғозиддинов, Фозил Фарҳод, Фаррух Жабборов, Чарос Авезова, Ирода Бекмуродова, Моҳира Эшпўлатова, Фирдавс Шокиров, Саъдулла Қуронов, Фурқат Алимардон, Шерзод Ортиқов, Олим Жумабоев, Маъмура Тўраева, Роҳилабону Ғўччиева, Тозагул Жуманова, Зикрилла Маматов ҳам ёзувчилар берган рўйхатдан ўрин олишганини айтиб ўтиш керак.
Адабиётшунос Баҳодир Карим ўз рўйхатини бераркан, ёшлар ижоди ўқилмаётганига бир нечта сабабларни келтириб ўтди.
– Ёшлар ёзмаяпти эмас, ёзяпти, лекин фавқулодда нарсалар йўқ бугун. Уларнинг ижодини катталар ўқимаётганининг яна бир сабаби ёмон ёзишаётганида эмас, балки лотин алифбоси халал бераётганида бўлиши мумкин. Ва бугунги ёшларнинг қиёфаси улкан адабий шахс сифатида шаклланмаяпти. Чўлпон, Усмон Носир, Шавкат Раҳмон, Усмон Азимлар 30 ёшида бировга сўз бермаган. Шу ёшгача катта адабиёт ярата олишган. Бугун-чи?! Ахир, иякни қўлга тираб расмга тушиш ижодкорлик эмас! Уюшмага аъзо бўлишади, китоби чиқади, хўп, ундан кейинчи?! Унутмаслик керак, ёзаркансиз, ёзганларингиз одамларнинг эсида қолиши лозим...
Сўровнома сабаб катта авлод ижодкорлари билан суҳбатлашарканмиз, уларнинг ичида ёшларга айтадиган гаплари кўплиги сезилди. Аслида мана шу рўйхат ҳам шу гапларнинг бир бўлагидир, балки... Хусусан, халқимизнинг севимли шоири Йўлдош Эшбекнинг ёшларга аталган сўзлари мисол бўлади бунга:
– Бизнинг ёшлар ҳаммадан яхшироқ ёзяпти. Фақат меҳр камроқ ёзганларида. Барибир уларга эътибор бериш, кўпроқ тарғиб қилиш керак. Ёшлар эса қўрқмасдан ёзишлари керак. Қўрқаркансиз, Ватан Ватан бўлмайди, шеърият шеърият бўлмайди!
Агар сиз яхши кўриб ўқийдиган шоир ё ёзувчингиз рўйхатда бўлмаса ёки бирор ижодкор ўз фамилиясини унда учратмаган бўлса ҳам бу қўрқинчли эмас, аслида. Боиси, бу каби рўйхатлар нисбий бўлганидек, унга кириш ёки кирмаслик ниманидир англатиши ҳақидаги фикрлар ҳам баҳсли. Биз шунчаки мақола орқали ёшлар катталарни тинглашини, катта авлоднинг нигоҳини эса ёшларга қаратишни мақсад қилгандик. Сабаби бугун адабиёт катталари ёшларни тан олмас экан, эътироф қилмас, ўқимас экан, бошқалардан ўпкалаш бемаънилик бўлар.
Сўровномамиз якунида рўйхат беришни истамаса-да, мавзу ҳақида фикр билдира туриб, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг бугунги адабий муҳит ҳақида куйиниб айтган сўзларини келтириб ўтмоқчимиз:
– Бугунги шоирларни ўқийман. Кўпининг исми эсимда қолмайди, аммо умидли ёшлар бор. Биласизми, адабиётга кириш осон, аммо унда қолиш, қола билиш қийин бўлиб қолди. Чунки бугун ижодкор етарлича рағбатлантирилмаяпти, турмуш ташвишларига кўмилиб, ижодни унутиб қўяр даражага боряпти. Ижодкорнинг, шоирнинг ижоди қадрланмас экан, бугун ўзбек адабиётига кириб келаётган бу ёшларнинг бирортаси эртага майдонда қолмайди!
Бу гапларнинг ростлигига ўтган даврлар мобайнида адабиётга ёниб кириб келган ўнлаб истеъдодларнинг бугун турмуш қийинчиликлари сабаб ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган тақдирлари мисол бўла олади, афсуски. Давлатимиз томонидан адабиётга, шоир-ёзувчиларга эътибор ўзгарган, уюшма томонидан ёшларимизнинг китоблари бепул чиқарилаётган, йилт этгани уюшмага қабул қилинаётган бир даврда мана шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниб, дунё билан бўйлаша оладиган адабиётимизнинг ёш вакилларига янада кўпроқ эътибор қаратилишидан умидвормиз. Ҳар ҳолда бугунги ёш ижодкорлар шунга ишона бошлаган...
Сиёсат
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
3 Изоҳлар
Abdulboqiy Ibrohimov
12:01 / 01.01.1970
Жудаям ибратли,кишини - ижодкорларнинг икки авлодини хам огохликка чақирувчи чиқиш бўлибди.
Shohista
12:01 / 01.01.1970
Noxolis mening fikrimcha bu so'rovnoma yoki auditoriya juda tor doirada
Jorayeva
12:01 / 01.01.1970
Chekka tumanlarda ham yaxshi shoiralar bor yuqoridagi royxat juda kichik