Бир ҳафта ичида метрода шилқимлик қилиш бўйича 2 та иш кўриб чиқилди

Сақлаш
11:04 / 17.04.2024 570 0

Сўнгги бир ҳафта мобайнида жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ иккита иш кўрилди. Уларнинг иккаласи ҳам метрода содир этилган, деб ёзади Кун.

 

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 9 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида шаҳвоний шилқимликда айбланган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилган.

 

Суд қарорига кўра, шу йилнинг 27 мартида 1999 йилда туғилган Х.А. метронинг «Пахтакор» бекатидан «Новза» бекати томонга бораётганида вагон ичидаги тирбандликдан фойдаланиб, ўзига нотаниш бўлган М.Т.нинг белидан паст қисмини ушлаб, тегажоғлик қилган. Аммо суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар метро вагонида одам тиқилинч бўлгани ва ҳамма бир-бирига тегиб тургани сабаб у ҳам ўзи билмаган ҳолда М.Т. исмли қизнинг белидан пастки қисмига тегиб кетганлигини билдирган.

 

Х.А. қилган ишидан пушаймондалигини айтиб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган. Суд эса уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топган ҳамда унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

 

Метродаги «шилқимлик» бўйича 8 апрель куни ҳам жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида яна бир иш кўриб чиқилган.

 

Хабарга кўра, 2024 йил 1 апрель куни соат 14:10 ларда Чилонзор туманидаги метронинг «Чилонзор» йўналишидаги электропоезд вагони ичида 2003 йилда туғилган фуқаро А.Н. ўзига нотаниш бўлган аёлнинг бел ва танасининг бошқа қисмларини қўли билан ушлаган.

 

Қарорда билдирилишича, ҳуқуқбузар А.Н. ўзининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги айбига иқрорлигини, ҳақиқатдан ҳам аёлнинг белидан паст қисмини қўли билан ушлаганини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини, бундан кейин бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини билдириб, суддан енгиллик сўраган.

 

Суд А.Н.га ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган (Шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги бўйича айблов чиқарган ва унга нисбатан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси