Қирғизистонда арабча исмлардан воз кечиш таклиф қилинди

Сақлаш
15:23 / 15.04.2024 822 0

Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиев мамлакатда арабча исмлар қўйишни тўхтатиш кераклигини айтган. Бу ҳақида Kaktusmedia хабар берди.

 

Хабарда ёзилишича, спикер исмларни арабчалаштириш нотўғрилигини таъкидлаган.

 

«Нега биз ҳамма нарсани арабчалаштиряпмиз? «Ҳалал» эмас «адал»(қирғизча ҳалол дегани). Биз ҳатто номларимизни арабчалаштирамиз. Бизда қирғизча яхши номлар кўп. Масалан, Бахит, Таалай, Элмурза, Улукбек, Балбак, Чўлпон. Нега биз уларни ишлатмай, исмларни арабчалаштирамиз? Тез орада қирғизча номларимиз йўқолади», деган у.

 

Мазкур таклифга депутат Дастан Жумабеков қарши чиққан. У болага исм қўйиш ота-онанинг ўз ҳуқуқига киришини эслатиб ўтган.

 

«Сиз нотўғри айтдингиз. Бизда демократия бор. Агар у (ота-она) хоҳласа, уни (боласини) Майкл Жексон ёки Роналдо деб аташи мумкин. Биз уларнинг танловини ҳурмат қилишимиз керак», деган депутат спикерга қарата.

 

Ушбу мавзуга Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам эътибор қаратган. У ҳам депутатнинг айтганларини фикран қувватлаган.

 

«Арабча исмларга келсак, фарзандига қандай исм қўйиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Асосийси, қалбингда, қалбингда қирғиз бўлиб қол. Масалан, бизда Муҳаммад деган исм ҳам бор», деган президент.

 

Жапаров спикер Шакиевнинг сўзлари ҳукумат позицияси эмас, балки унинг шахсий фикри эканини таъкидлаб шундай деган:

 

«Миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва оммалаштириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Бой тарихимиз ва маданиятимизга таянган ҳолда келажак авлодлар учун шароит яратишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун аввало турли халқлар билан яхши муносабатда бўлишимиз, маданий ҳамкорликни кучайтиришимиз керак. Шунинг учун бошқа тиллар ва маданиятларни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Ҳеч ким болаларга қирғиз исмларини қўйишни буюрмайди. Шу боис, маънавий-маданий қадриятларни ривожлантириш ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга».

 

Маълумот учун, қўшни Қирғизистонда 2023 йилда янги туғилган чақалоқларга қўйилган исмлардан энг машҳури Муҳаммад бўлган. Ундан кейинги ўринларда Умар, Али, Амир, Алихон, Билол, Алинур ва Усмон исмлари энг кўп қўйилган. Шунингдек, қизлар орасида ўтган йили Солиҳа, Амина, Фотима, Алия, Раяна, Сафия, Алфия, Айлин ва Ойша исмлари машҳур бўлган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//