«Open Budget» сабаб ҳоким ўринбосарининг иши текширилмоқда

Сақлаш
21:17 / 04.04.2024 1662 0

Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ZOOM орқали йиғилиш қилиб, ташкилот раҳбарларини «Open Budget»да овоз тўплашга мажбурлади, деб хабар берди Кun.uz.

 

Маълум бўлишича, мазкур йиғилишда ёзиб олинган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

 

Ҳоким ўринбосари аудиоёзувда «қайси ташкилот раҳбари кечгача белгиланган овозни тўпламаса, ким бўлишидан қатъи назар уни ишдан бўшатиб юбориш»ини айтган.

 

«Ҳозир ҳоким топшириқ берди, агар натижа қилмайдиган бўлсанг, хафа бўлиб ўтирма бирортанг.

Шаҳриёр, натижа қилсанг қил, бўлмаса аризангни ёз, тушундингми гапимни? Менга бугун натижа қиласан. Агар «обед»дан кейин юзта овоз йиғиб бермасанг, йўқ бўласан, жўра. Менга сен каби раҳбар керак эмас. Бугун кечга «разбор» бўлади.

Қани 3-боғча, депутат, Атамуродова? Нима учун натижа қилмаяпсиз? Оқолтиннинг боғчалари билан гаплашяпман, Ванғозининг боғчалари ҳам биттаям ўзгариш қилгани йўқ. Айтиб қўяй, бугун жуда катта ўзгариш бўлади кадрлар масаласида. Камида 50 фоиз боғча мудираси ишдан кетади», деган ҳокимият вакили.

 

Шунингдек, у ҳар бир раҳбарга 50 тадан овоз йиғиш вазифасини топширар экан, «агар ўзини ҳурмат қиладиган раҳбар бўлса, керак бўлса бирорта қариндошининг номига сим карта олиб бўлса ҳам қилиши»ни таъкидлаган. «Зам» овоз учун ҳатто ёғ ҳам беришни бўйнига олган.

 

«Агар ёғ керак бўлса, ёғ ҳам бераман сизларга. Тайёрман шу нарсага ҳам», деган у йиғилиш давомида.

 

Аудиоёзув тарқалиши ортидан Қизилтепа ҳокимлиги тезкорлик билан муносабат билдирган.

 

Унда онлайн йиғилишда ёзиб олинган аудио ва ундаги ишлатилган қўполлик юзасидан туман ҳокимлиги ўринбосар Ўлмас Истамовга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши ва тегишли чора кўрилиши айтилган.

 

Муносабатда хизмат текшируви натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши ҳақида ҳам ёзилар экан, «туман ҳокимлиги бу каби ножўя ҳаракатлар ва ходимларга нисбатан ҳурматсизликни кескин қоралаш»и таъкидланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//