Ўзбекистонда жамоат жойларини миналаштириш таклифи билдирилган хабарлар тарқалмоқда

Сақлаш
15:01 / 04.04.2024 1387 0

Республикамиз ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги.

 

Хабарга кўра, бу каби провокацион хабарлар асосан Telegram мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бермоқда. Мазкур ҳаракатларга берилган рад жавобларини эса эътиборга олмаяпти.

 

Маълум бўлишича, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек, ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритаётган провокаторлар болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитяпти.

 

«Ҳурматли фуқаролар! Агарда сизга бу каби хабарлар келиб тушса, ваҳимага тушманг ва уларни очиқ чатлар, танишларингиз ва дўстларингизга юбормай. Дарҳол «102» рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беринг. Хабар юборувчиларни блокланг ва улар билан ёзишма ва суҳбатга киришманг», дейилади хабарда.

 

Қўшимча қилинишича, фирибгарлар жамоатчилик орасида ваҳима уйғотиш учун бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Республика ҳуқуқ-тартибот органлари эса хавфсизликка бўлган ҳар қандай таҳдидларни бартараф қилиш борасида ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўрмоқда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//