«Маълумотлар кирилл алифбосида тўлдирилиши керак»

Сақлаш
17:03 / 29.03.2024 1526 0

Ижтимоий тармоқларда Oлий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов буйруғи остида ОТМ ректорлари ва филиал директорларига жўнатилган хат тарқалди.

 

 

Хат жорий йилнинг 27 мартида чиқарилган бўлиб, унда 2021-2024 йиллар давомида ҳар бир ОТМ ректори, проректорлари, бўлим ва бошқарма бошлиқлари, факультет деканлари ва кафедра мудирлари амалга оширган сафарлар бўйича маълумотларини ўзбек тилида кирилл алифбоси билан бериши сўралган.

 

Мазкур буйруқ хати ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик эътиборини тортди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Лотин ёзувига ўтиш кенг тарғиб қилинаётган бир вақтда Олий таълим вазирлиги ходимининг кирилл ёзувида маълумот талаб қилиши жамоатчилик вакилларини тўлқинлантириб юборди.

 

Вазирлик расмий муносабат билдирар экан, мазкур ҳолат Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбарияти ва масъуллари иштирокида таҳлил қилиниб, ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва иш юритиш бўйича келгусида бу каби ҳолатларга қайта йўл қўймаслигини маълум қилган. Шунингдек,эндиликда бундай камчиликларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилангани айтилган.

 

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хатда келтирилган ҳолат юзасидан мазкур хат масъул ижрочиси билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, зарур тавсиялар берилди. Тизим ходимлари учун давлат тилида иш юритиш асослари бўйича семинарлар ўтказилиши режалаштирилди», дейилади муносабатда.

 

Тизимдаги ишлар тўлиқ давлат тилида, яъни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида олиб борилаётганини айтган вазирлик ташқи ёзувлар, кўрсаткичлар, турли ахборот-маълумот ва таништирув воситалари ҳам лотин ёзувида бўлиши таъминланганини билдирган. Муносабатда, шунингдек вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларининг Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида муттасил равишда малака оширишлари ташкил қилингани ҳам қистириб ўтилган. Бироқ қарийб бир варақ изоҳ берилган бўлса-да, Олий таълим вазирлиги тарқалган буйруқ хатида нега кирилл ёзувида маълумот талаб қилингани юзасидан тушунтириш бермаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси