«Юзлаб одамларнинг қурбон бўлишига йўл қўйгандан кўра ўзингни қурбон қилганинг яхшироқ»

Сақлаш
17:27 / 25.03.2024 983 0

15 ёшли мактаб ўқувчиси Ислом Халилов асли қирғиз бўлиб, отаси Бахтиёр Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан, онаси Ойпари эса Ўш области Ўзган туманидан. Исломнинг ўзи эса Россияда туғилган. У оилада 3 нафар фарзанднинг тўнғичи ҳисобланади.

 

Мудҳиш воқеанинг содир бўлиши Исломнинг навбатчилигига тўғри келиб қолган. У ўша куни соат 16:00 да навбатчиликни олган. Ислом бир йилдан бери «Крокус Сити Ҳолл»да гардеробчи бўлиб ишлаб келаётган эди.

 

Ўз ишига масъулият билан ёндашадиган ёш ходим фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракатланиш бўйича кўрсатмага эга бўлган. Гарчи саросимада бўлсада, у ҳодиса вақтида ўзини дадил тутган ва ҳам ходим, ҳам инсон сифатида одамларга ёрдам берган. 15 ёшли ўсмир одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларни қаерга олиб бориш кераклигини билган ва буни аниқ бажарган.

 

Унинг сўзларига кўра, бу оддий иш куни эди. Биринчи қаватда ғалати товушлар эшитилган, аммо ҳеч ким шубҳага бормаган. Ҳамма эскалатор бузилган бўлса керак, деб ўйлаган. Кейин одамлар зинадан тепага қараб югуриб чиқа бошлаган. Шундагина у вазият ёмонлигини тушунган.

 

«Одамлар югурганча қичқира бошлади. Шунда тушундимки, агар шунчаки карахт ҳолатда турсам, нафақат ўз ҳаётимни, балки юзлаб одамларни ҳам йўқотаман. Аввалига бироз қўрқдим. Оломон орасида бўлганимда, эшикни очаётганимда улар, яъни террорчилар граната отишлари ёки отишма бошлаши мумкин, деб ўйлардим. Худога шукур, ўйлаганимдек бўлмади. Эшикни очишга муваффақ бўлдим ва ҳаммамиз «Экспо» томонга ўтишга улгурдик», дейди ўсмир.

 

Исломнинг онаси ўғлининг соғ-саломатлигидан хурсандлигини айтар экан, фарзандининг бундай қаҳрамонлигидан фахрланишини таъкидлаган.

 

«У шок ҳолатида эди. Мен ўзимни қўлга олиб, уни овутишга, қўллаб-қувватлашга қарор қилдим. Албатта, биз у билан жуда фахрланамиз», деган она.

 

«Онам бошимга бундай ишлар тушишганидан карахт бўлиб қолди ва йиғлади. Кўз ўнгимда рўй берган барчасидан ўзим ҳам, тўғрисини айтсам, шокдаман. Кўз ўнгимда бир кишини отишди, бу нарса хаёлимдан чиқмаяпти», деган йигит ҳикояси давомида.

 

Исломнинг бу хатти-ҳаракатлари ростдан ҳам қаҳрамонлик деса бўлади. Чунки у ортидан келаётганларнинг жонини ҳар дақиқада ўйлаган. Ўсмир одамларни «Крокус Сити Ҳолл»га ёндош жойлашган «Крокус Экспо»нинг кириш жойига олиб борганда ҳам қўшни ҳудудга ўзи энг охири бўлиб ўтган. Бунга у «бошқа ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун» дея изоҳ берган.

 

Шунингдек, у ўзини қаҳрамон деб ҳисобламаслигини айтган:

 

«Бу ишимнинг бир қисми эди. Юзлаб одамларнинг қурбон бўлишига йўл қўйгандан кўра ўзингни қурбон қилганинг яхшироқ», деган у.

 

Маълумот учун, Исломнинг бу жасорати ҳозир бутун дунёда олқишланмоқда. Шунингдек, кўплаб машҳурлар унинг бу ишини тақдирлашни ўзларининг бурчи деб билмоқда. Масалан, репер Алишер Моргенштерн ўсмирга миллион рубль юборган.

 

Ислом бундан жуда хурсандлигини айтар экан, йиғлагиси келаётганини билдирган.

 

Маълум бўлишича, ўсмирнинг оиласи бу пулларни кредитларни тўлаш учун ишлатади.

 

Шу билан бирга, Москванинг «Спартак» клуби ҳам унга клубнинг уй учрашувлари учун абонемент совға қилган.

 

Россия бош муфтийси Равил Гайнутдин эса Ислом Россия мусулмонларининг «Хизматлари учун» медали билан тақдирланганини маълум қилган.

 

15 ёшли қаҳрамон йигитга мазкур мукофот кейинги ҳафта, жума намози вақтида Москвадаги Собор масжидида топширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//