Ижтимоий тармоқларда танилган логопедга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Сақлаш
20:42 / 20.03.2024 2472 0

Маълум бўлишича, Болалар омбудсмани томонидан Дилором Жабборованинг ишлаш усули ўрганилган. Бунга унинг жорий йил январь ойида дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видеоси сабаб бўлган.

 

Болалар омбудсмани хабарига кўра, Д.Ж. нинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш мақсадида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганиш натижасида, педагог Д.Ж. нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж. нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.

 

Шундан сўнг, Юнусобод тумани ИИО ТБ олиб борган терговга қадар текширув материаллари Юнусобод тумани прокуратураси томонидан назорат доирасида ўрганилган. Якунда, экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида, Д.Ж. нинг ҳаракатларида алдаш ва одамларни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган ва жорий йилнинг 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

 

«Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», – дейилади хабарда.

 

Маълумот учун, Дилором Жабборова ижтимоий тармоқларда анча фаол ҳисобланади. Масалан, унинг Instagram саҳифасини 530 мингдан зиёд обуначи кузатади. Шунингдек, унинг обуначилари сони Telegram'да 8 мингдан, Youtube'да 25 мингдан ортиқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//