Муштлашувда ўлган Турин политехника университетининг 18 ёшли талабаси билан боғлиқ воқеанинг тафсилотлари эълон қилинди

Сақлаш
16:52 / 01.12.2021 1191 0

Аввалроқ Турин политехника университетининг 18 ёшли талабаси вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, бир гуруҳ йигитларнинг ўзаро келишмовчилиги оқибатида талаба юзига туширилган мушт оқибатида воқеа жойида вафот этганди.

 

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ходимлари тезкор суриштирув ишлари олиб борди.

 

“2021 йил 25 ноябрь куни соат 12:30 ларда Турин политехника университетининг ҳовлисида Суннат ва Муҳаммадазиз кўришиб, ўзаро қўл бериб ярашиб олишганда, уларнинг ёнига шу курсда ўқийдиган талаба – Самандар исмли шахс келиб, “ярашиб олдингларми”, деб турган жойида жабрланувчи шахс, Шерзод исмли шахс келиб туриб: “Нима қиласиз аралашиб”, деб гап ташлаган. Шу орада Самандар билан бирга бўлган танишлари келишган ва Аббос исмли шахс Шерзодни юзига бир мушт уриб, ерга йиқитган. Натижада, Шерзод исмли шахс воқеа жойида ҳалок бўлган”, – дейди Олмазор туман ИИО ФМБ катта терговчиси Баҳодир Олимжонов.

 

Суд тиббий экспертизасининг бирламчи маълумотига кўра, талабанинг вафотига бош мия ёпиқ жароҳати, мия ости пардалари ҳамда мия тўқималарига қон қуйилиши сабаб бўлган.

 

2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Аббос эса гумонланувчи сифатида қўлга олинган. У воқеани қуйидагича изоҳлаган:

 

«Турин университети олдинга борганимда уруш бўлаётган экан. Ўртоғим (Самандар) урушаётганини кўриб, урушган болани олдига бордим. У мени сўкиб қўйганидан кейин жаҳл устида бир мушт уриб қўйдим. Лекин умуман ўйламагандим ўлиб қолишини. Қилган ишимдан пушаймонман».

 

Таъкидланишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (одам ўлимига сабаб бўлувчи қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//