Коронавирусга қарши эмланаётган аҳолининг умумий статистикаси сунъий оширилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди

Сақлаш
22:23 / 30.11.2021 821 0

Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига қарши эмланмаган фуқарога вакцина олганлик тўғрисида SMS-хабарнома келгани ҳақида видео тарқалди. Унда мурожаат эгаси «Сиз бугун вакцина олдингиз, кейинги вакцинангиз декабрь ойида» деган мазмунда хабарнома олганини айтиб, юртимизда эмланган аҳолининг умумий статистикаси ошириб кўрсатилаётган бўлиши мумкинлигини билдирган. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

 

«Ушбу ҳолатга изоҳ беришдан аввал шуни айтмоқчиманки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19га қарши эмланиш статистикаси сунъий оширилишидан ҳеч қандай манфаатдор эмас. Аксинча, ҳар бир фуқаро эмлаш жараёнларида фаол иштирок этиб, бу орқали мамлакатимиздаги эпидемик вазиятнинг барқарор бўлиши тарафдоридир. Шу нуқтаи назардан, юқоридаги видеомурожаат эгасининг вакцина олган аҳолининг умумий статистикасига ишончсизлик билдиришига асос йўқ», дейилади унда.

 

«Юқоридаги ҳолат каби бугун айрим фуқароларнинг қўл телефонига коронавирусга қарши вакцина олганлик ҳақида нотўғри SMS-хабарнома юборилмоқда. Аслида эса ўша фуқаро умуман эмланмаган бўлиб чиқяпти. Бу бир қарашда бироз тушунарсиз ҳолат бўлиши мумкин, бироқ ушбу жараёнларда инсон омили иштирок этишини ҳисобга олсак, хатоликлар юзага келиши мумкин. Яъни, ҳозирда эмланаётган аҳолининг шахсий маълумотларини электрон тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги ахборот билан ишлашига тўғри келмоқда. Қолаверса, баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилаётгани боис, масъул ходимнинг хато қилиш эҳтимоли йўқ эмас» – деган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов.

 

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ITMed мобил иловаси ва телеграмдаги @itmeduz_bot саҳифасида ЖШ ШИР (жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами) ҳамда my.gov.uz портали орқали ЖШ ШИР ва паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда вакцина олиш учун электрон навбатга ёзилиш ва эмланганлик сертификатини юклаб олиш имконияти яратилган. Агар вакцина олувчи фуқарода бундай имконият бўлмаса, ўзининг шахсий маълумотлари ва телефон рақамини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиши керак. Ана шунда юқоридаги каби тушунмовчиликлар юзага келмайди», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//