Жамият
Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановнинг маҳалла раисларини ҳақорат қилгани айтилаётган аудио тарқалди.
Туман прокурорига тегишлилиги айтилаётган аудиоёзувда мансабдор тумандаги МФЙ раисларини йиғиб, солиқ тушумлари бўйича ҳисобот сўрагани ва солиқ тушумларини бажармаган маҳалла раисларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани таъкидланмоқда.
Аудиода эшитилишича, туман прокурор йиғилишда ҳеч бир маҳалла раисига тўғри муомала қилмаган, барчасини уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Ҳатто аёл раисларни ҳам сўкишлари билан яхшигина “сийлаган”.
“Сен кеча нима ваъда берган эдинг, ит? 2 млн сўм туширгансан? Нимани ваъда бергандинг, кечаги пулни кўтариб келяпсан. Эркакмисан сен ўзи? Хотинчалиш. Итдан тарқаган экансанку. Одамдан тарқаганингда одамнинг ишини қилардингда. Бор, итнинг ишини қил, вовуллаб ўтир кўчада. Тур йўқол, ифлос”, дея ҳақорат қилган маҳалла раисларидан бирини прокурор.
Бошқа бир маҳалла раисига эса “Мен тушунмаяпман, бу тизим. Сиз ... еб ўтирибсизми, энангизники борми бу ерда?! Тўртта одамингизни йиға олмасангиз йўқолинг” каби сўзлар билан қўполлик қилинган.
“Бандихон қани? Қани оғайни, пул? 3 миллион? Энангникига тиқиб қўй у 3 миллионни. Кеча гапирган гапинг қани? Бор жойига қўйиб кел, мараз, итдан тарқаган! Обод турмуш қани? Ҳа, опа, 500 минг сўм тушган. Қани? Боринг, аризангизни ёзингда йўқолинг, ... борми сизга бу ерда ишлаб, давлатни, жамиятни ҳаром қилиб”, дея давом этган туман прокурори Маҳманов.
Прокурор яна бир маҳалла раисини “Энангникига бир бошингни тиқиб ол, тузалади, ўша ердан чиққансанку”, дея ҳақорат қилган. Бунга жавобан маҳалла раиси қўполлашмасликни айтган.
Ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Жумладан, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агар аудиодаги овоз ҳақиқатан ҳам Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли эканлиги тасдиқланса, у ҳақорат қилиш билан бир қаторда мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун ҳам жавоб беришига тўғри келади.
Чунки солиқ тушумларини тушириш маҳалла раисининг вазифасига кирмайди. Президентнинг тегишли фармони билан эса фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади.
Сурхондарё вилояти прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унда ёзилишича, 2023 йил 20 июнь куни ижтимоий тармоқларда Бандихон тумани прокурори Маҳмановга тегишлилиги таъкидланиб, тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ