Янги ўқув йилида 381 минг квота тасдиқланиши кутиляпти – вазир

Сақлаш
19:44 / 09.06.2023 1596 0

2023-2024 ўқув йилида олий таълимга ажратиладиган квота бўйича олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълумот берди. Унга кўра, бу йил 381 минг абитуриентни қабул қилиш режалаштирилган. Шундан 60 минг квота грантлар учун ажратилади.

 

“Биз давлат олий таълим муассасалари учун грантларни тасдиқлаб берамиз. Тўлов контракт квотасини эса ҳозирча 40 дан ортиқ мустақиллик берилган ОТМ ўзи учун белгилаб оляпти. Мустақил бўлмаган ОТМ эса ўзининг бўйсунувидаги вазирликлар ва Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги билан келишиб, квоталарни тасдиқлайди. Қабул параметрлари тасдиқланганидан кейин яна батафсил маълумот берамиз”, – деди вазир.

 

 

Абдураҳмоновнинг маълумот беришича, ҳозир ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниши 38–39 фоизга етган, бу қамров янги ўқув йилида 42 фоизга етиши кўзланяпти. Битирувчиларнинг олий таълим билан қамрови эса 60 фоизга яқинлашяпти.

 

Вазир, шунингдек, бу йил қанча абитуриент ҳужжат топшириши кутилаётганига ҳам тўхталди. Маълум бўлишича, олий таълим ва профессионал ўқув юртлари билан қўшиб ҳисоблаганда, бу йилги қабулда 1 миллион 200 нафардан ортиқ абитуриент ҳужжат топшириши кутиляпти.

 

Маълумот учун, бу йил имтиҳонлар пандемия давридаги каби очиқ майдонларда эмас, усти ёпиқ биноларда ўтказилади. Бу учун республика бўйлаб 92 та ҳудуд танлаб олиниб, рўйхати эълон қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//