Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!

Сақлаш
19:33 / 19.05.2023 1855 0

Бугун Бухоро шаҳрида "Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!" мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан юздан зиёд маънавият фидойилари – мамлакатимизнинг етук олимлари, таниқли ижодкорлар, миллий санъатимизнинг дарғалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Минҳожиддин Мирзо конференцияни очиб берди. Илмий-амалий анжуманнинг аҳамияти, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини яратиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, жумладан, шундай деди: “Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” асарида таъкидланганидек, “Халқлар тарихида ўзига хос туб янгиланиш даврлари борки, бундай замонларда муайян миллат даҳоси, унинг ўз салоҳиятини намоён этишга интилиши, яратувчанлик фаолияти энг юксак чўққиларга кўтарилади. Нисбатан қисқа даврда эришилган улуғ марралар жаҳон аҳлини лол қолдиради. Айни бир халқ салоҳиятининг улкан натижаси бўлган бу оламшумул ютуқлар эса инсоният тарихининг ёрқин саҳифаларига айланади, дунё цивилизацияси тараққиётига катта куч ва шиддат беради. Ер юзидаги баъзи халқларгагина насиб этадиган бундай юксак кўтарилиш ва тараққиёт замонларининг ўзига хос уйғониш, яъни Ренессанс даври деб аталишининг сабаби ҳам ана шунда”. Дарҳақиқат, бу даврларнинг инсонларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган ва сафарбар этадиган қудратли ғояси, тараққиёт тамойиллари бўлади. Айнан Шарқ Уйғониш даври, аждодларимиз даҳоси ер юзида илк бора инсон тафаккури уйғонса, нафақат илм-фан, таълим-тарбия, маданият, меъморчилик ва бунёдкорлик, адабиёт, санъат, деҳқончилик, балки давлат бошқарувида ҳам жаҳолат устидан маърифат ила музаффарлик, инсон эрки, ҳурфикрлилик, дунёвий гўзаллик бобида ҳам бетимсол мўъжизалар яратиши мумкинлигини исбот этади.

 

Маърифатли жамият – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосидир. Айнан маънавият ва маърифат асосидаги миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик тафаккурдаги тарқоқликни бартараф этиб, халқимизни ҳамжиҳат, юксак иқтидорга, яратувчи кучга, қудратли тўлқинга айлантиради. Биз бугун ҳаётимизда ана шу тўлқин эпкинларини сезмоқдамиз, унга маънавий-руҳий куч бериш эса ҳар биримизга боғлиқдир. Анжуман олдидаги энг катта вазифалар моҳияти ҳам шунда кўринади”.

 

Анжуман доирасида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китоби ҳамда конференция материаллари тўплами тақдим этилади. Шунингдек, аждодларимизнинг маънавий-ахлоқий ҳамда ижодий мероси, миллий қадриятлар, маърифатли жамиятнинг ўзига хос хусусиятлари, янги маънавий макон яратиш бўйича зиёлилар олдида турган муҳим вазифалар бўйича маърузалар ўқилади. Олий таълим муассасаларида таниқли зиёлилар, шоир, ёзувчилар иштирокида “Маърифат соатлари”ни ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

 

Бухоро вилоятдаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда Саховат уйларида яшаётган нуронийлар ҳолидан хабар олиш, кўмакка муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандларини маънавий-руҳий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Меҳр-мурувват ва саховат” ҳамда “Маърифат тур” лойиҳаларини амалга ошириш ҳам анжуман дастуридан ўрин олган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//