Жамият
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорликда Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида “Ғафур Ғулом ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти” мавзусидаги Республика илмий-назарий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманни Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очди. Сўнг Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодига бағишланган “Мен ўзбек шоириман” номли ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Йиғилишда академик шоир Ғафур Ғулом ижодининг турли қирралари, хусусан, унинг янги ўзбек адабиёти тараққиётида тутган ўрни ҳақида сўз борди. Айниқса, улуғ адибнинг асарлари ўзининг халқчиллиги, юксак бадиияти билан нафақат юртимизда, балки, хорижда ҳам машҳур экани таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат Маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо Ғафур Ғуломнинг маънавий олами ҳақида сўзлаб, жумладан шундай деди: “ХХ аср ўзбек адабиётининг энг йирик намояндаларидан бири – улуғ шоир, закий олим, шарқ адабий-руҳоний меросининг зукко билимдони, ҳассос публицист ва моҳир таржимон, барча йўналишдаги фаолиятида ҳам халқчил руҳни юксак даражада ифода эта олган, ўзи ҳам халқнинг орасида энг севимли шоир сифатида юксак эҳтиромларга муносиб кўрилган академик Ғафур Ғулом адабий-илмий мероси бугунги кунда ҳам маънавий-маърифий жиҳатдан улкан аҳамиятга эга. Ғафур Ғулом ўз сафдошлари қаторида ғоят мураккаб, ғоят зиддиятли, таҳликали бир даврда яшади. Лекин, у ўзининг туғма истеъдоди ва жўшқин ижодкорлиги билан бошқа сафдошларидан ажралиб туради. Зеро, теран тафаккур ва миллатпарварлик руҳидаги гўзал шеърлари, қалбларни титратиб юборадиган фалсафий насри бунинг ёрқин далилидир”.
Анжуманда, шунингдек, академик Наим Каримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййид, Ғафур Ғулом уй музейи директори Олмос Ғуломова адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев каби олим ва ижодкорлар иштирок этди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ