ОТМга тест синовлари ёпиқ павильонларда ўтказилади

Сақлаш
16:10 / 15.05.2023 999 0

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида вазирлик ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

 

Унда 2023/2024-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ташкил қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

 

Қайд этилишича, тест синовларини ўтказишга мўлжалланган алоҳида биноларнинг мавжуд эмаслиги сабабли ўтказилаётган аксарият тест синовлари таълим муассасалари ўқув биноларида таълим жараёнига халақит қилмаслик учун ҳафтанинг дам олиш (шанба ва якшанба) кунларида ўтказилмоқда.

 

2023/2024-ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди ҳамда уларнинг режа чизмалари тайёрланиб, маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланди.

 

Тест синовлари ўтказиладиган 15 та умумтаълим фанидан 26 520 та ва қардош (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) тиллардан 2 400 та тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди. Кенг жамоатчилик орасидан тест синовларида гуруҳ назоратчилигига номзод сифатида рўйхатдан ўтган 8 956 нафар талабгордан 4 000 нафарга яқини саралаб олинди ва улар билан шартномалар расмийлаштирилмоқда.

 

Маълумот учун, коронавирус пандемияси сабабли 2020-2022 йилларда, 3 йил кетма-кет тест синовлари очиқ жойларда, жумладан стадион ва хиёбонларда ўтказилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//