Ўзбекистонликлар кўпроқ нимага пул сарфламоқда?

Сақлаш
17:02 / 12.05.2023 1840 0

Марказий банк томонидан аҳолининг турли гуруҳлари истеъмол кайфиятини ўрганиш бўйича навбатдаги сўровлар ўтказилди. Уларнинг натижалари асосида 2023 йилнинг I чораги ҳолатида Аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳи тайёрланди.

 

Қайд этилишича, 2023 йилнинг I чорагида истеъмол кайфияти индекси1 (ИКИ) IV чоракка нисбатан 2,3 бандга камайиб, 23,8 бандни ташкил этган.

 

Ушбу ўрганишга респондентларнинг даромадлари ва харажатлари, пул-маблағларини жамғаришга бўлган мойиллиги, шунингдек, келгусида кредитга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ва таҳлил қилиш бўйича саволлар киритилган.

 

Ўтган чоракда кўпчилик респондентлар таълим, уй-жой таъмири, даволаниш, автомобиль ва маиший техника харидига кўпроқ маблағ сарфлаганларини таъкидлаган. Келгуси ойларда уй-жой таъмири ва хариди учун, таълим, автомобиль, даволаниш ва бошқа қўшимча харидларни амалга ошириш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этган.

 

Шу боис, ушбу товар ва хизматларга талабнинг юқори даражада сақланиб қолиниши кутилмоқда, дея ҳисоблайди мутахассислар.

 

истеъмол кайфияти, марказий банк, ўзбекистонликлар

Инфографика: Марказий банк

 

Аҳоли харажатларининг мақбуллаштирилиши, кредитга бўлган эҳтиёжнинг бироз камайиши ҳамда жамғаришга бўлган мойилликнинг ошиши истеъмол кайфияти индексининг пасайтирувчи омилларидан бўлган.

 

Ҳисоботда келтирилишича, келгусида кредит олишга талабгорлар улуши бироз камаймоқда. Жорий чоракда респондентлар фикрига кўра, кредитга бўлган талабнинг бироз қисқариши кузатилиб, кредит субиндекси 8 бандга (аввалги чоракда 8,5 банд) тенг бўлган.

 

Респондентлар орасида фақатгина 7−10 миллион сўмгача бўлган даромад синфи келгуси ойларда кредит олишни кўпроқ режалаштираётганини таъкидлаган бўлса, қолган барча даромад гуруҳида кредитга бўлган ялпи талаб камайиб бориши кутилмоқда. Шунингдек, 3−5 миллион сўм атрофидаги даромадлилар орасида кредитга бўлган талаб ўзгармас даражада сақланиб қолинган.

 

2023 йилнинг биринчи ярмида кредитга бўлган талабнинг аввалги чоракларга нисбатан бироз юмшаши бўйича кутилмалар шаклланмоқда. Қатнашувчиларнинг 64 фоизи келгуси ойларда кредит олишга эҳтиёжлари борлигини билдиришган (ўтган чоракда ушбу кўрсаткич 65 фоизга тенг бўлган).

 

истеъмол кайфияти, марказий банк, ўзбекистонликлар

Инфографика: Марказий банк

 

Сўровда маиший хизмат, қурилиш, фан-таълим, тиббиёт, АТ ва ОАВ ҳамда савдо соҳаларида фаолият юритувчиларнинг даромадлари бўйича оптимистик кутилмалари ўтган чоракка нисбатан ижобийлашган.

 

Аксинча, ишлаб чиқариш, кафе-ресторан ва туризм соҳасидагиларнинг келгусидаги даромадлари бўйича кутилмалари нисбатан пасайган.

истеъмол кайфияти, марказий банк, ўзбекистонликлар

Инфографика: Марказий банк

 

«Айни вақтда банклар томонидан мижозларга таклиф этилаётган депозит фоиз ставкаларининг қулай ва жозибадорлиги, шунингдек, миллий валюта курсининг барқарорлиги респондентларнинг жамғаришга мойиллигини ортиб боришига ҳамда жамғариш кайфиятини ижобий шаклланишига хизмат қилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

 

Келтирилишича, респондентларнинг жамғармалари 1 ойгача муддатга етарлилигини маълум қилганлар улуши кўпроқни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида келгусида жамғармалари 1−3 ойгача ва ундан узоқроққа етишини билдирганлар сони ошиб бормоқда. Бироқ жамғармалари мавжуд эмаслигини таъкидлаганлар 35 фоизни ташкил этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//