Жамият
Бир неча кун аввал, фуқаро Ж.У. ЖКнинг 244-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти ИИББ томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фуқаро “У.Ж.» ижтимоий тармоқлар орқали тақиқланган диний материалларни тарқатиб келиш билан шуғулланаётгани хусусида маълумотлар олинган.
Тезкор-қидирув тадбирлар давомида аниқланишича, мазкур шахс Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушган ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.
У, халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган.
Хусусан, “У.Ж.» томонидан тарқатилган материаллар орасида “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли нашида ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида “мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани” мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг экспертлик хулосасига кўра, ушбу маълумотлар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 20 февраль куни фуқаро “У.Ж.» га нисбатан Жиноят кодексининг 244 (1)-моддаси учинчи қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққурғон туман суди томонидан “У.Ж.»нинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Таъкидланишича, “У.Ж.» шаҳид бўлишга (жанг майдонларида худкушлик содир қилиш, ўзини ўзи ўлдириш) даъват этувчи ўзбек тилидаги “Шахид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли диний қўшиқ ва бошқа бир қатор диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда ушбу ғояларни танишларига ҳам етказиш мақсадида Телеграм ижтимоий тармоғи орқали тарқатган.
Бундай ҳаракат Ўзбекистон ҳудудида жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, тергов идоралари томонидан “У.Ж.»нинг ҳаракатлари тўғри малакаланган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ