Аёлларсиз театр намойишлари, “Z” авлод фожеаси, Бир ёлғон қиссаси – “Маънавий ҳаёт”нинг янги сонида ўқинг

Сақлаш
23:55 / 05.05.2023 1679 0

“Насибам қўшилган экан, 1992 йили Бобур Мирзо ва унинг авлод-аждодлари изидан йўлга чиққан бир гуруҳ бобурпарвар дўстлар билан бирга Эрон, Туркия, Сурия, Урдун, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Афғонистон мамлакатларида бўлдим. Ўн тўрт кишидан иборат илмий экспедициямиз аъзолари олтмиш кечаю олтмиш кундуз йўл юриб, ўн саккиз минг километрдан зиёд масофани босиб ўтдилар. Бу унутилмас сафар Ўзбекистон тарихида ўзига хос бир воқеа бўлиб қолди...” Бобур ҳаётига бағишланган “Айла ёд Бобурни...” мақоласида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг Ҳиндистон сафари таассуротлари ҳамда Бобурийлар ҳаётига тааллуқли кўплаб янги сир-асрорлар билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2023-йил 1-сонида танишишингиз мумкин.

 

“Мутахассисларнинг фикрича, болаларнинг қаттиқ қўрқув ва даҳшатли воқеалар билан тўқнаш келиши хулқида зўравонлик, ваҳшийлик ва фаҳшга қизиқишни ошириши мумкин экан. Қўғирчоқлардан қўрқув ҳам кўп ҳолларда педиофобия шаклланишига сабаб бўлади. “Tiktok” ва “YouTube” платформаси орқали бир неча сония давом этувчи “Кўк бошли махлуқча йўқолди. Шу ерда эмасми?” ролиги тармоқ фойдаланувчиларининг мемига айланди...” Карвон қўнғироғи рукнида эълон қилинган “Авлод онгига ов” мақоласида тармоқларнинг бола руҳиятига таъсири, ахборот воситаларининг хавфли ва зарарли жиҳатлари ҳақида атрофлича фикр юритилади.

 

“Ҳозир драма, комедия, трагедия дея ажратиладиган жанрлар қадимги Юнонистонда бир сўз билан комедиография деб аталган. Актёрларни комедиантлар дейишган. Қизиқ жиҳати, ўша замонларда комедиантликни касб қилган кишилар бўлмаган. Томошаларда амалдору савдогарлар, оддий одамлар баравар рол ўйнайверган. Фақат қуллар ва аёлларга рухсат берилмаган...” Ҳозирда дунё санъатининг энг асосий йўналишларидан бири бўлмиш драманинг илк кўриниши, тарихи ва ривожланиши ҳақида “Шоунинг мумтоз шоуси” мақоласида ўқинг.

 

Шунингдек, мазкур сонда “Аёл кафтидадир юмалоқ дунё...”, “Вақт”, “Лида чеча ўгитлари”, “Ёлғон – ҳақиқатнинг сояси”, “Чин юртидаги чин мухлислари”, “Шоунинг мумтоз шоуси” мақолалари, “Умрни маънога тўлдирмоқ завқи”, “Ўзимизнинг тойбола”, “Бир ёлғон қиссаси” суҳбатлари ўрин олган.

 

Ушбу сонга Берлин, Сеул, Рим ва Вена шаҳарларидан тайёрланган маданий янгиликлар якун ясаган. Журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида “Ёлғон – ҳақиқатнинг сояси” мақоласига эпигрф қилиб олинган ёзувчи Ойбекнинг қуйидаги риторик байтини келтириш мумкин:

 

“Курашади икки киши

Қараб турайми?”

 

“Маънавий ҳаёт'” билан бефарқлар тарафида турмасликни одат қилинг.

 

Илҳом МУСУЛМОНОВ,

 Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//