Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Сақлаш
21:51 / 04.05.2023 1088 0

Марказий банк бошқаруви 2023 йил 4 майдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

 

Қайд этилишича, ушбу қарор иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлаш, шунингдек, март ойидаги асосий ставка пасайтирилишининг ялпи талаб ва таклифнинг мувозанатлашувига ижобий таъсирларини давом эттиришга қаратилган.

 

Йиллик инфляция даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этди ҳамда мос равишда 11,7 ва 11,0 фоизга тенг бўлди. Ушбу пасайишда мавсумий омиллар ва ўтган йилдаги юқори база эффекти ҳам муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.

 

Инфляциянинг узоқ муддатли ва барқарор омилларини ифода этувчи базавий инфляцияда ҳам март ойида сезиларли пасайиш динамикаси кузатилиб, йиллик 12,9 фоизгача секинлашди (2022 йил декабрь ойида 13,8 фоиз). Бунда, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга ҳиссаси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён биринчи марта 10 фоиз банддан камроқни ташкил этди.

 

Келтирилишича, айни пайтда, базавий инфляция даражасининг умумий инфляциядан юқорилиги иқтисодиётда маълум бир инфляцион хатарларни сақланиб қолаётганлиги ифодалайди.

 

Келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиш тенденциясига қайтди ва мос равишда 14,4 ва 14,1 фоиз даражасида шаклланди. Бунда, аҳолининг инфляцион кутилмалари бўйича жавоблар медианаси — 11,5 фоизгача ва тадбиркорлик субъектлариники — 11,4 фоизгача пасайди.

 

Жорий йилнинг январь ойида иқтисодиётда инфляцион кутилмалар кескин ошиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий вазият ҳамда нархлар бўйича хавотирлари ошганлигини намоён қилган эди. Кутилмаларнинг пасайиши ва узоқ муддатли трендига яқин шаклланиши инфляцион жараёнларнинг секинлашуви бўйича умумий тенденцияларнинг келгусида ҳам давом этиши борасидаги мулоҳазаларни кучайтирмоқда.

 

Ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиб бораётганлиги жаҳон ва минтақавий молия бозорларида тебранувчанликнинг кучайишида намоён бўла бошлади.

 

Халқаро банк тизимида юзага келаётган хатарларга нисбатан тезкор жавоб чоралари қўлланилишига қарамай, кредитлаш шартларида қатъийлик ва келгуси хатарлар бўйича ноаниқликларнинг йил охиригача сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

 

Ўтган йилдаги юқори даражадаги трансчегаравий пул ўтказмалари, жорий йилда давлат бюджети харажатларининг ошиши, шу жумладан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши истеъмол талаби ўсишини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, келгуси чоракларда иқтисодий фаолликнинг юқори бўлишини таъминлашга хизмат қилади, дейилади хабарда.

 

Пул бозорида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолинмоқда. Январь-апрель ойларида UZONIA индекси тўлиқ фоиз коридори доирасида, асосий ставка пасайтирилишидан сўнг эса 13 фоиз атрофида шаклланди.

 

Тижорат банклари депозит базасининг ўсиш суръатларида жадаллашиш кузатилмоқда. Апрель ойи якунлари бўйича миллий валютадаги муддатли депозитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошди.

 

Иқтисодиётни кредитлаш суръатларининг ўсиши, асосан миллий валютада ажратилган кредитлар ҳисобига, тезлашди. Тижорат банклари томонидан январь-апрель ойларида ажратилган кредитлар ҳажмининг 1,3 баробарга ўсишида аҳолига берилган автокредитлар, микроқарзлар ва истеъмол кредитларининг юқори суръатларда ошганлиги асосий омил бўлди.

 

Ушбу тенденциялар, ўз навбатида, иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишида ҳам ўз аксини топиб, депозитлар бўйича долларлашув даражаси — 30,6 фоизгача, кредитлар бўйича эса — 44,3 фоизгача пасайди.

 

Жаҳонда иқтисодий ўсиш бўйича янгиланган прогнозларга кўра, 2023 йилнинг II ярмида глобал иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг секинлашиши кутилмоқда. Глобал инфляция кутилганидан кўра сустроқ пасайишда давом этади.

 

Айни пайтда, хизмат кўрсатиш соҳасидаги нархларда барқарор ўсиш тенденциялари кузатилмоқда. Аксарият мамлакатларда базавий инфляциянинг юқорилигича қолаётганлиги, қатъий глобал молиявий шароитларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши бўйича эҳтимолларни кучайтирмоқда.

 

«Жаҳон хомашё бозорларида юқори тебранувчанлик юзага келиб, асосий экспорт товарлари нархлари бўйича ноаниқликлар ортмоқда», — дейилади Марказий банк хабарида .

 

Тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган кредитлар ҳажмининг кескин ўсиши қарз юкини ошириши орқали молиявий ва макроиқтисодий барқарорлик бўйича хатарларни юзага келтириши мумкинлигини инобатга олиб, Марказий банк томонидан макропруденциал сиёсат чораларини қўллаш орқали кредитлар ўсишини мувозанатлаштириш чоралари кўрилади.

 

Жорий йилнинг I чораги дастлабки натижалари, иқтисодиётда аксарият кўрсаткичлар макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланаётганлигини тасдиқламоқда.

 

Янгиланган прогнозларга кўра, 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши дастлабки прогнозлардан кўра юқорироқ бўлиши бўйича эҳтимоллар ортмоқда, дея қайд этди Марказий банк.

 

Йил якуни бўйича инфляция даражасининг прогноз диапазони 8,5−9,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Инфляцион кутилмалар динамикаси, пул бозоридаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари, асосий маҳсулотлар таклифи бўйича вазиятнинг барқарорлашиб бораётганлиги, инфляциянинг мазкур прогноз коридори ўртасида шаклланиши бўйича ишончни оширмоқда.

 

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 15 июнга белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//