Forbes дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчисини эълон қилди

Сақлаш
17:24 / 03.05.2023 1167 0

Португалия терма жамоаси ва Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Forbes талқини бўйича энг юқори даромадли эркак спортчи деб топилди. Ўтган йилги етакчи Лионел Месси бу сафар иккинчи ўринни эгаллади. Дунёдаги энг кўп маош оладиган спортчилар учлигига фақат футболчилар киради. 

 

Роналдунинг сўнгги 12 ойдаги умумий даромади 136 миллион долларга баҳоланган. Роналду бу маблағнинг атиги учдан бир қисмини – 46 миллион долларни футбол майдонида ишлаб топган. Португалиялик футболчи 2022 йил ноябрь ойида «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиб, 2023 йил январида Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клубига ўтган. Яна 90 миллион долларни Роналду футболдан ташқарида, шу жумладан рекламалар орқали ишлаб топган. 

 

Рейтингнинг иккинчи қаторида ўтган йилги етакчи 35 ёшли аргентиналик футболчи Лионел Месси жой олди. Унинг йиллик даромади ўзгармаган – 130 миллион доллар. У бу қийматнинг ярмини Adidas, Budweiser, PepsiCo ва бошқа брендлар билан тузилган реклама шартномаларидан олган.

 

Кучли учликни яна бир футтболчи Килиан Мбаппе якунлаб берди. 24 ёшли франциялик ҳужумчи ўтган йили 120 миллион доллар ишлаб топган, шундан 100 миллион доллари футболдан келган. 

 

Рейтингдан, шунингдек, уч нафар баскетболчи «Лос-Анжелес Лейкерс»дан Леброн Жеймс (119,5 миллион доллар), «Голден Стейт Уорриорс»дан Стефен Карри (100,4 миллион доллар) ва «Финикс Санс»дан Кевин Дюран (89,1 миллион доллар) ўрин олган.

 

Бундан ташқари, рейтингнинг юқори поғоналарида гольфчилар Дастин Жонсон (107 миллион доллар), Фил Миккелсон (106 миллион доллар), боксчи Канело Альварес (110 миллион доллар), теннисчи Рожер Федерерни (95,1 миллион доллар) кўриш мумкин. 

 

Forbes рейтингни тузишда 2022 йилнинг 1 майидан 2023 йилнинг 1 майигача бўлган муддатда спортчиларнинг иш ҳақи, мукофот пуллари ва бонусларини ҳисобга олган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//