Ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади

Сақлаш
21:03 / 02.05.2023 948 0

Меҳнат кодексидаги ишланмайдиган байрам кунлари рўйхатига 11 ноябрни ҳам қўшиш таклиф этиляпти. Бу сана Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳисобланади. Тегишли қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги фракцияларда муҳокама қилиняпти.

 

Ўзбекистонда 11 ноябр – Касаба уюшмалари куни ишланмайдиган байрам кунлари тоифасига киритилиши кутиляпти. Тегишли қонун 1 май куни Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясида муҳокама қилиниб, маъқулланди.

 

Қонун билан, Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча киритилади. Ҳозирда бу моддада 9 та ишланмайдиган байрам кунлари санаб ўтилган:

 

  • 1 январь – Янги йил;
  • 8 март – Хотин-қизлар куни;
  • 21 март – Наврўз байрами;
  • 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
  • Рамазон ҳайитининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайитининг биринчи куни;

 

Бу рўйхатга 11 ноябр – Касаба уюшмалари кунини ҳам қўшиш таклиф этиляпти.

 

Депутатларнинг айтишича, ҳозирда касаба уюшмалари тизими 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларни ўз ичига олади. Соҳада 6 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар хизмат қиляпти. Умуман, Ўзбекистон касаба уюшмалари ўз сафида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари куни 2020 йил 24 ноябрда белгиланган эди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//