Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжонга ўрнатилган бюст норозиликларга сабаб бўлмоқда

Сақлаш
15:22 / 28.04.2023 1689 0

Ижтимоий тармоқларда Хоразмда Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжонга ўрнатилган бюст юзасидан норозилик мурожаати тарқалди. Шоирнинг шогирдлари ва қатор ижодкорлар бюст умуман Омон Матжонга ўхшамаганини, уни алмаштириш кераклигини ёзишмоқда.

 

“Забардаст сўз сеҳргари Омон Матжон бюсти суратини кўриб ҳайрон-у лол бўлиб қолдик. Йўқ, бюст унга мутлақо ўхшамабди. Тунд, бепарво, лоқайд, бадқовоқ... Аслида Омон ака сийрати ва суврати гўзал инсон эди. Қайғу чекканида ҳам кулимсираб турарди. Фикримизча, бюстни тезроқ олиб ташлаб, бошқа ҳайкалтарошга буюртма бермоқ даркор. Хоразмда Шавкат Усмонов каби моҳир ҳайкалтарошлар кўп-ку?!” дейилган мурожаатда.

 

Шунингдек, унда Омон Матжоннинг ҳайкали пойтахтдаги “Адиблар хиёбони”га ҳам қўйилиши кераклиги ҳақида ёзилган. “Қолаверса, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг ҳайкали “Адиблар хиёбони”да ҳам қад ростламоғи лозим. Чунки, у кишимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповдан истеъдод жабҳасида заррача кам эмас”.

 

Oyina.uz мухбири ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими билан боғланди. Бўлим раҳбари Гавҳар Ибодуллаеванинг маълум қилишича, бюст 9-май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида алмаштирилади.

 

“Устоз шоиримиз Омон Матжоннинг бюсти ҳақида куйинчаклик қилаётган азизларимиз асло хавотир чекмасинлар. Айни кунда устознинг янги бюсти тайёр. 9-май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида бюст алмаштирилади. Устоз шоиримизнинг олдинги бюстидан ўзимиз ҳам хижолатдамиз. Аммо фарзанди Диёрбек шунда ҳам мамнун бўлиб кетганлар. Жонкуярлик билан фикр ва эътироз билдирган қадрли инсонларга самимий миннатдорлигимизни изҳор этамиз” деди у.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//