Янги таҳрирдаги Конституция қарийб 65 фоизга ўзгаради

Сақлаш
16:53 / 14.04.2023 1883 0

“Маънавият фестивали” доирасидаги ”Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирлар Жиззах вилояти фарзанди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.

 

 

 

Вилоятда ўтказилаётган Конституциянинг янги таҳрирдаги моддалари мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Абдуҳалил  Маврулов бошчилигидаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари: фалсафа фанлари доктори Мунира  Қаҳҳорова, сиёсий фанлар доктори, дотцент Даврон Муйитов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шарқ юлдузи” журнали Бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Раупов, Тошкент вилояти кенгаши депутати, журналист Гулнора Аҳмедова ва “Шуҳрат” медали соҳиби, хонанда Алишер Рўзметовлар қатнашдилар.

 

 

 

“Маънавият фестивали” доирасида Жиззах горнизонидаги 524-СЧР баталони ҳарбий хизматчилари ва сафарбарлик чақирув резерви хизматчилари учун ҳам тарғибот тадбири уюштирилди. Бунда уларнинг маънавий саводхонлиги ва сиёсий-ҳуқуқий билим даражасини янада ошириш мақсадида янги Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги бош Қомусимизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпайиши, яъни Конституция қарийб 65 фоизга янгиланиши хабар қилинди. 

 

 

 

 

Бахмал туманининг 7-умутаълим мактабида уюштирилган тадбир янгиланаётган Конституциянинг бош тамойили инсон эканига урғу берилди. Бу билан мамлакатнинг энг кичик қисми, таъбир жоиз бўлса, ҳужайраси – фуқаролар экани, бу “ҳужайра” ўз-ўзида аъзо – жамиятни ташкил қилиши, жамият эса давлатга ўсиб бориши содда ва тушунарли суҳбатларда англатилди.

 

 

 

Шундан сўнг тарғибот гуруҳи аъзолари туманда жойлашган  Новқа ота зиёратгоҳида бўлдилар, Ўзбекистон қаҳрамони Парда ота Зиётов ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Дилбар Саидовалар билан кўришиб суҳбатлашдилар.

 

 

 

 

Худди шундай тарғибот тадбирлари вилоятнинг Дўстлик ва Ғаллаорол туманлари таълим масканларида ҳам ўтказилди ва фуқаролар мурожаатига кўра янги Конституцияга киритилаётган ижтимоий ҳуқуқ ва бурчлар ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб берилди. Бундан ташқари “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳаси бўйича айрим оилалар ҳолидан хабар олинди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//