Жамият
«Suzane Sultan» МЧЖ директори Моҳира Султонова фейсбук саҳифасида Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, «Наврўз» ҳунармандлар шаҳарчасида ижара нархлари кескин ошиб кетганини билдирди ва ушбу масалага эътибор қаратишни сўради.
Моҳира Султонова мурожаатини «Наврўз» ҳунармандлар шаҳарчасидаги 24-ҳовли-устахонасида беш йилдан бери каштачилик мактаби ва «Ўзбекистон социал туризми ассоциацияси» ННТни юритиб келаётгани билан бошлаб, боғнинг очилишида Президентнинг шахсан ўзи ташриф буюрганини ва ҳунармандларнинг келгуси ишларида ўз маслаҳатларини берганини ёзган.
«Бу ердаги устахоналар ва дўконлар биз каби муайян иш жойлари бўлмаган, устахона ва дўкон очиш орзусида йиллаб қийналиб юрган ҳунарманд усталар учун энг қадрли совғангиз бўлганди ўшанда», – дейди Султонова.
Унинг таъкидлашича, карантин вақтида ва ундан кейин ҳунармандларга ижара бўйича имтиёзлар берилган. Аммо 2023 йилдан бошлаб боғ директори ўзгарган ва ижаралар нархи кескин оширилган. Шу кунгача 2,5 млн сўм бўлган ижара бу йилдан 15 млн 800 минг сўм қилиб белгиланган.
«Ўзи шундоғам олдинги ижарани бир нечта ҳунармандлар билан бўлишиб тўлаётгандик, нарх ошгач, шерикларим чиқиб кетишди ва менга фақат биринчи қаватнинг ўзига 7 млн 600 минг сўм нарх беришди. Мен буни умуман тўлай олмаслигимни тушунтирсам, боғда тадбирлар қиламиз, одам кўп келади, савдо бўлади, деб ишонтиришди ва шартномага қўл қўйдим. Аммо ўтган ойда фақат Наврўз байрами кунлари томошабинлар кўп бўлишди, савдо ҳам бўлди, аммо амаллаб 5 млн сўм ижара суммасини зиёнимдан тўладим. Бу йилги ижара шартномасига 2 март куни қўл қўйганимга қарамасдан, мендан ижара ҳаққини, январь, февраль, март ойлари қарзлари билан тўлашимни ёки устахонани бўшатишимни талаб қилишди. Ваҳоланки, январь ва февраль учун эски нархда ижарани тўлаб бўлган эдим», – деб норозилигини билдиради ҳунарманд.
Ҳунарманд апрель ойида ижарани тўлай олмаслигини билдирганида ва ҳовлини бўшатишга мажбурлигини директорга оғзаки равишда билдирганида, ўша заҳотиёқ огоҳлантиришларсиз ҳовли электр тармоғидан узиб ташлангани айтилмоқда.
«Боғда меникига ўхшаш ҳовли-устахоналар 40 дан ортиқ. Аммо шунинг ярмидан кўпи бўшаб, қаровсизликдан, чакка ўтиб, моғорлаб, поллари, пойдеворлари чўкиб, деворлари ёрилиб, авария ҳолатида ётибди. Чунки «аренда» қимматлашмаган вақтдаёқ кўп усталар ижарани тўлолмай чиқиб кетишган эди. Энди нархлар ошиб, қолган усталар ҳам боғдан кетишмоқда», – дейди Моҳира Султонова.
Султонова, шунингдек, уларга ёрдам бериш учун бу муаммога ечим таклиф қилган бир нечта давлат ташкилотлари ҳам рад жавоби олишганини қўшимча қилган.
«Шахсан Президентнинг ташаббуси билан айнан биз ҳунармандларга қуриб берилган шаҳарчани нима сабабдан бу ҳолатга келтиришмоқда? Ахир боғ мана шу ҳунармандларга ижарадан имтиёз бериши учун давлатимиз ҳам боғни ер ва мулк солиғидан имтиёзли озод қилганини биламиз-ку? Нима учун улар Президент биз сабабли уларга берган имтиёзни «игнор» қилишяпти? Нима учун ижара нархини бирданига 70–80 фоизга ошириб юборишди? Бунга уларнинг ҳаққи борми? Президент ҳунарманд усталарни қўллаб-қувватлашни тарғиб қилиб турганларида, давлат томонидан шунча имтиёзлар бериб қўйганларига қарамасдан, бу ердагилар бизни худди ўзларининг шахсий ҳисобидан қурилган боғдан ҳайдагудек муомала қилишяпти? Бизга ёрдам бериш учун бу муаммога ечим таклиф қилган бир нечта давлат ташкилотлари ҳам рад жавоби олишди.
Биз каби миллийликни тарғиб қилувчи, Президент ҳимоясидаги тадбиркор-ҳунармандларга бундай муносабат қилишга уларнинг қонуний ҳуқуқлари борми?
Ҳурматли Президент, биз «Наврўз» боғида фаолият олиб бораётган ҳунармандлар, сиздан бизнинг шу муаммомизга муносабат билдириб, муносиб ечим топишда ёрдам беришингизни илтимос қиламиз», – дея сўзини якунлаган Моҳира Султонова.
Қайд этиш керак, Президент 2019 йилнинг 30 август санасида мазкур боғга ташриф буюриб, ундаги объектлар билан танишган.
«Ўзликни англаш нуқтаи назаридан бу жойнинг аҳамияти катта. Бу ерда миллий қадриятларимиз, тарихимиз яққол кўринади. Ўз тарихини чуқур билган халқ ғурурли, қудратли, бадавлат бўлади», – деганди Президент ўшанда.
Ойина.уз ижаралар нархининг кескин ошиши сабабини билиш мақсадида боғ маъмурияти билан боғланди. Боғ маъмурияти бу телефонда айтиладиган маълумот эмаслигини ва агарда боғ ҳудудига борилса, ҳар битта саволга, жумладан молиявий масалаларга ҳам изоҳ берилишини маълум қилди. Шунингдек, жавобда Тошкент шаҳрида ҳокимият ҳар битта фаолият ва ҳар бир метр квадрат учун нарх-наво белгилагани ва бунга давлат томонидан қўйиладиган солиқлар ҳам қўшилиши билдирилди.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ