Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» ойлиги бошланди

Сақлаш
16:48 / 11.04.2023 881 0

Ўзбекистонда 10 апрелдан «Тоза ҳаво» ойлиги тадбири бошланди, деб хабар беради Табиат ресурслари вазирлиги.

 

Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Табиат ресурслари вазирликлари билан биргаликда ўтказиладиган тадбирдан мақсад мамлакатда автотранспортлар ташламаларини камайтиришдир.

 

Таъкидланишича, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида республикада, айниқса, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошишига хизмат қиляпти.

 

2022 йил якунига кўра, ҳаво ифлосланиши бўйича халқаро ҳаво индекси рейтингида Тошкент шаҳри 20-ўринни эгаллаган.

 

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 4 миллионга яқин автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 миллион тонна зарарли ташламалар ташланади, бу умумий ташламаларнинг 63 фоизини ташкил этади (ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 88 фоизга тенг).

 

Транспорт воситалари сонининг кундан-кунга ортиши натижасида ташламалар миқдори олдинги йилга нисбатан 2022 йилда 26 минг тоннага кўпайган. Бунга фойдаланиладиган ёқилғи турининг сифати, аҳолининг жамоат транспортларидан етарли даражада фойдаланмасдан, ўз автотранспорт воситаларида юришлари, автоулов эгаларининг ўз автотранспортларининг техник созлигига етарли даражада эътибор қаратмасликларини асосий сабаблар сифатида келтириш мумкин.

 

Тадбир давомида республиканинг барча ҳудудларидаги йўл-патруль масканларида, вилоят, туман (шаҳар)ларнинг марказий кўчаларида бензин, дизель, табиий сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар орқали кўрикдан ўтказилади.

 

Қайд этилишича, тадбир доирасида 79 та йўл-патруль масканларида кўрик нуқталари, шунингдек, вилоят ва шаҳарлар марказий кўчаларида кўчма постлар ташкил этилиб, уларга 500 нафар ходим жалб этилади. Тадбир 10 майгача давом этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//