Ўзбекистонда 2000 нафардан ортиқ туғма юрак нуқсонли болалар бепул операция қилинмоқда

Сақлаш
16:48 / 07.04.2023 1304 0

Ўзбекистонда 2 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари бепул операция қилинмоқда. Бу ҳақда ССВ хабар берди.

 

Қайд этилишича, болалар жами 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз, энг малакали шифокорлар томонидан юқори технологик операциялар орқали оғир дарддан халос бўлмоқда.

 

Режага кўра, туғма юрак нуқсони билан туғилган 2000 нафар боланинг 500 нафари Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида оғир дарддан халос бўлади.

 

«Ҳозирда Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, Қорақалпоғистондан келган 120 нафардан ортиқ болажон операция олди текширувларидан ўтказилмоқда. Саноқли кунлар ичида болаларда туғма юрак нуқсонларини бартараф этиш бўйича ўтказилган амалиётлар 15 тадан ошди.

 

Бу турдаги очиқ усулда бажариладиган юқори технологик амалиётлар узоқ вақт давом этади. Шу боис бир кунда 3-4 та операция ўтказиш имконимиз бор. Самарадорликни ошириш мақсадида марказимиз 6 кунлик иш тартибига ўтди», — дейди марказ бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Ҳакимжон Абролов.

 

Бундай очиқ усулдаги мураккаб амалиётлардан сўнг бемор болалар учун интенсив терапия талаб қилинади. Операциядан кейинги реабилитация 7-10 кунни ташкил қилади. Шундан сўнг болажонлар яна ўз оилалари бағрига қайтишлари мумкин.

 

Айни кунларда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази каби мамлакатдаги жами 8 та тиббиёт муассасасида бундай амалиётлар давом этмоқда. Барча дори-дармонлар, тиббий сарфлов материаллари давлат маблағлари ҳисобидан қоплаб бериляпти.

 

Ушбу акциянинг иккинчи босқичида катта ёшли беморларда ҳам юқори технологик операциялар ўтказилиши белгиланган. Бунинг учун 22 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//