Қўқон педагогика институти ётоқхонасида қизларнинг хонасидан яширин камера топилди

Сақлаш
14:50 / 05.04.2023 869 0

Қўқон педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани аниқланди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

 

Маълум бўлишича, институт талаба қизларидан бири 4 апрель куни вазирлик Телеграм каналининг мулоқот ботига қизлар яшайдиган талабалар турар жойи хоналаридан бирига кузатиш камераси яширинча ўрнатилгани ҳақида маълумот берган.

 

Вазирлик ахборот хизмати шикоят қилган қиз билан суҳбатлашгач, вазирликнинг Фарғона ҳудудий бошқармаси масъуллари томонидан Қўқон педагогика институтига бориб, вазият ўрганилган. Жараён давомида хонага видеокамера ўрнатилгани аниқланган.

 

«Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилишини ва айбдор шахслар аниқлангач, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қилади», — дейилади хабарда.

 

 

Аввалроқ «Kun.uz» Қўқон давлат педагогика институтида ўқувчи бир неча талаба қизнинг мурожаатини эълон қилганди. Талабаларнинг айтишича, 1 апрель куни уларни референдум тарғибот тадбиридан зудлик билан чақириб, ётоқхонадаги хонани очиб бериш сўралган. «Wi-Fi сигнали йўқолиб қолаётгани сабабли уни кучайтирувчи мослама ўрнатилиши»ни айтишган.

 

Қизлар кейинроқ ўрнатилган мосламани ечиб олиб, мутахассисларга олиб бориб кўрсатган. Улар бу мослама яширин камера эканини айтган. Камера овоз ва тасвирни флеш-дискка ҳам ёзиб олишини, тармоқ орқали бошқа қурилмага узатиши маълум қилинган. Яъни хонани бу камера орқали онлайн кузатиб туриш имкони ҳам бўлган. Қизлар камерага бириктирилган 128 Gb ҳажмдаги флеш-дискни очиб ўқитиб кўришганида кийим алмаштираётгани ҳам тасвирга тушганига гувоҳ бўлишган.

 

Шунингдек, институт ҳам ушбу масала юзасидан расмий муносабат билдирди ва ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

 

«Қўқон давлат педагогика институти ректорининг буйруғига кўра, талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш, уларнинг руҳий ҳолатларини барқарорлаштириш ҳамда ўқиш жараёнидаги стресс ҳолатларини олдини олиш бўйича махсус хона ташкил этилиш мақсадида ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари талабалар ўз уйига кетишларини ҳисобга олиб хонани шанба куни жиҳозлаш бошланган.

 

Лекин бу ҳолат ҳақида талабалар ўз вақтида огоҳлантирилмаган. Натижада бу англашилмовчилик юз берган», — дейилади хабарда.

 

Фарғона вилоят ИИБ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини билдирди. Унга кўра, 2 апрель куни Қўқон давлат педагогика институти 1-ётоқхонасида яшовчи В.З. «102» қисқа рақамига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида талабаларнинг ечиниб-кийиниш хоналарига кузатув камераси ўрнатганидан норозилигини билдирган. Мазкур хабар шу куннинг ўзида тегишли тартибда рўйхатга олинган.

 

Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани ва натижаси бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//