Тошкентда оммавий жанжаллашган йигитларга жиноят иши қўзғатилди

Сақлаш
15:03 / 30.03.2023 691 0

Тошкент шаҳрида футбол ўйнагани келган вояга етмаган болалар ўзаро жанжал содир қилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат юзасидан болаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 март куни соат 23:00 ларда вояга етмаган 18 ёшли Б.Ф. дўстлари билан Янгиҳаёт туманидаги мини-стадионда футбол ўйнаётган вақтида 21 ёшли Ж.Р. ва 20 ёшли Ф.М. уларга шовқин солмаслигини айтиб, эътироз билдирган. Оқибатда улар ўртасида оғзаки жанжал бошланган ва шу атрофдан ўтиб кетаётган фуқаролар уларни ажратган.

 

Орадан бироз вақт ўтиб, соат 23:30 ларда Б.Ф. ва унинг 22 ёшли акаси Б.Р. Миробод тумани Қўйлиқ-4 мавзесида Ж.Р., Ф.М., 21 ёшли У.М., 19 ёшли А.Н. билан жанжаллашган. Оқибатда ака- укалар – Б.Ф. чап кафт соҳаси кесилган жароҳати, бош соҳаси шилинмаси, Б.Р. эса бурун суяги синиши, юз соҳаси йиртилган жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.

 

Айтиш жоизки, аввалроқ ИИББ мазкур жанжал шунчаки оғзаки тортишув эканлигини ҳамда фуқаролар тан жароҳати олмаганини айтган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси