Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди

Сақлаш
16:11 / 30.03.2023 886 0

Республика Маънавият ва маърифат марказида 29 март куни умумий ўрта таълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув-услубий семинар ўтказилди.

 

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Феруза Муҳиддинова, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти раҳбар ўринбосари, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Мунира Қаҳҳорова, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Тўхтасин Арслонов сўзга чиқиб, Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришлар, ундаги фуқаро дахлсизлиги ва эркинликлари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила ва ёшлар масалалари бўйича янги нормаларнинг муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтишди.

 

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда амалга оширилаётган лойиҳанинг асосий принципларига оид биринчи (1‑18-моддалар), унинг инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган иккинчи (19‑64-моддалар), жамият ва шахс ҳақидаги учинчи (65‑82-моддалар), давлат ва ҳокимиятни ташкил этиш борасидаги бешинчи бўлимлари (91‑153-моддалар) ҳақида алоҳида фикр алмашинилди.

 

 

Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасида таълимга оид янги нормалар белгиланаётгани кўтаринки руҳда қарши олиниб, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар томонидан лойиҳа бир овозда қўллаб-қувватланди. Сўз олганлар давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим, балки бошланғич профессионал таълим олишнинг ҳам бепул бўлишини кафолатлаётганини таъкидлади.

 

 

Тадбир якунида иштирокчилар ўзлари фаолият юритадиган таълим муассасаларида шунга ўхшаш семинарларни ташкил этишда фойдаланишлари учун методик тарғибот воситалари билан таъминланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//