Андижонда ўқув марказ раҳбари 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди

Сақлаш
21:17 / 28.03.2023 845 0

Балиқчи туманида АҚШдаги “Жаcксонвилле” университетига ўқишга киритишни ваъда қилиб, икки нафар ўқувчининг 100 миллион сўмга яқин маблағини алдов йўли билан қўлга киритган тил ўргатиш маркази раҳбари 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.



Қайд этилишича, чет тилларини ўргатишга ихтисослашган хусусий ўқув маркази раҳбари Н.Т. (аёл киши) шу ерда инглиз тилини ўрганаётган икки нафар 11-синф битирувчисини АҚШ университетига ҳужжат топширишга қизиқтиради.

 

Қишлоқдошларининг соддалигидан фойдаланган Н.Т. ўқувчиси М.А.дан аввалига юқорида номи тилга олинган университетда рўйхатдан ўтиш харажатлари учун 980 доллар, ўқиш олдидан ўтказилажак тиббий кўрик харажатлари учун деб 1 минг 172, университет контракт шартномасига дея 2 минг 200 доллар олишга муваффақ бўлади. Уддабурон ўқитувчи шу билан кифояланмай, элчихонадан виза олиш, университет ётоқхонасига тўлов қилиш, самолётга олдиндан авиачипта харид қилиш баҳонасида яна катта миқдордаги пулларни алдов йўли билан қўлга киритади. Шу тариқа М.А. ҳамда унинг ота-онасини жами 82 миллион 446 минг 600 сўмга чув тушириб, пулларнинг ҳаммасини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

 

Уддабурон репетитор марказнинг яна бир тил ўрганувчиси A.A.ni ҳам ваъдаларига ишонтириб, унинг 13 миллион 239 минг сўм маблағини ўзлаштиради.

 

Н.Т.нинг “Саккиз ойдан сўнг АҚШга учиб кетасизлар”, деган ёлғонларига ишониб, кута-кута чарчаган жабрланувчилар, ниҳоят, фирибгарлик қурбони бўлишганини тушуниб етадилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қиладилар.

 

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди раиси Фурқат Собиров раислигида кўриб чиқилиб, Н.Т. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари ва 28,211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Суд ҳукми билан унга узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳақидаги тўхтамга келинди.

 

Суд ҳукми билан Н.Тнинг қарамоғидаги уч нафар вояга етмаган фарзанди судланувчининг онаси васийлигига топширилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//