Ўзбекистон Интерполи томонидан қидирилаётган фирибгар Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Сақлаш
15:46 / 27.03.2023 855 0

Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган шахсни экстрадиция қилиш Швециядан биринчи марта амалга оширилди.

 

Бюро матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент ва Стокголм Интерпол Миллий Марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ҳамда Лион шаҳрида ўтказилган Миллий марказий бюро раҳбарларининг йиллик конференция давомидаги учрашувлари натижасида жиноятчи биринчи марта Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

 

Қидирувдаги шахс ноқонуний бойиш мақсадида шериклари билан тил бириктириб, пухта ўйланган режа асосида, тегишли ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали кўчмас мулкни сотиш билан шуғулланган ва ўзининг ушбу фирибгарлик ҳаракатлари орқали катта моддий зарар етказган.

 

Олинган маълумотларга кўра, жиноятчи Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида яширинган, аммо тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахс Швеция ҳудудида аниқланган ва ҳибсга олинган.

 

«Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилганидан сўнг жиноятчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида адолат қарор топиши учун Ўзбекистонга олиб келинди», — дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//