«Ташаббусли бюджет» лойиҳасига Face ID орқали овоз бериш тизими жорий этилади

Сақлаш
21:10 / 25.03.2023 1582 0

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий тармоқларда бюджет ташкилоти ходимларининг «Ташаббусли бюджет» дастурида мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги лойиҳаларга овоз беришга мажбурланаётгани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

 

Ҳозирда лойиҳа доирасида жами 33 минг 600 лойиҳа учун 10 миллиондан ортиқ овоз берилган. Ўрганишларига кўра, йирик маҳаллалар аҳоли сони юқори бўлгани сабабли овоз беришда устунликка эга бўлиш ҳолатлари мавжуд.

 

Вазирлик овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқмоқда.

 

Хусусан, Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этилади. Бунда тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар SMS орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилади.

 

Кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициенти жорий этиш амалиёти кўриб чиқилади. Бунда кичик маҳаллалар лойиҳаларига катта маҳаллалар аҳолиси ташаббуси билан тенг шароитларда рақобатлашиш имконияти яратилиши кўзда тутилган.

 

«Бундан ташқари, ташаббуслар учун овоз беришнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган бошқа таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳани янада ривожлантириш юзасидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ва таклифларини ҳисобга олиш мақсадида вазирлик расмий каналларида батафсил маълумотлар эълон қилиб борилади», — дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//