Ўзбекистонда вабо қайд этилдими? Расмий изоҳ берилди

Сақлаш
17:43 / 25.03.2023 1267 0

Сўнгги кунларда ЖССТ томонидан яна тўрт мамлакатда вабо эпидемияси қайд этилгани, Ер юзида вабо касаллигининг тарқалиш хавфи жуда юқорилиги, Халқаро экспертлар вабога чалинганлар ўртасида ўлим даражаси сезиларли даражада ортгани ҳақида хабарлар эълон қилди.


Вабо касаллиги бўйича дунёдаги эпидемик вазият ҳамда Республикада касалликни кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов маълумот берди.



Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 2023 йилда карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни чет давлатлардан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиш ҳолатлари кузатилмади. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудига касалликларни четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида республика бўйича давлат чегараларини кесишиш жойларида 48 та санитария – карантин пунктлари фаолият олиб бормоқда. 

 

Санитария – карантин пунктлари томонидан 2022 йилда 1 070 683 автотранспорт кўрилган, 13 273 020 нафар фуқаро тиббий-санитария назоратидан ўтказилди. Назоратдан ўтказилганлар орасида 3995 нафар юқумли касалликка гумон қилинган беморлар аниқланиб, уларга нисбатан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар олиб борилди.


"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касалликнинг тарқалишини олдини олиш учун тоза сув ва санитария шароитларини яхшилашни тавсия қилади. Ўлимни камайтириш учун вабони даволаш марказлари ва оғиз регидратацияси бўлимларини ташкил этиш орқали тиббий ёрдамдан фойдаланишни яхшилашни ўз ичига олган эпидемияни бошқаришни амалга ошириш керак. Оғиз орқали вабога қарши вакциналарни (ОCV) вабо эпидемияларини назорат қилиш ва вабо хавфи юқори бўлган ҳудудларда қўлланилиши кераклигини тавсия этмоқда. Бундан ташқари, эпидемия сезиларли трансчегаравий ҳаракат мавжуд бўлган чегара ҳудудларида содир бўлганда ЖССТ манфаатдор мамлакатларни ҳамкорликка ва мунтазам равишда маълумот алмашишга чақирмоқда.



Саёҳат қилишни режалаштиришаётган аҳоли қуйидаги маълумотларга эътибор қаратишлари сўралади.



-Юқумли ва паразитар касалликларнинг олдини олиш учун инфекцияни ва касалликнинг кейинги ривожланишини олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўриш;



- фақат ишончингиз комил бўлган овқатни истеъмол қилиш;



- фақат кафолатланган хавфсиз сув ва ичимликлар (ичимлик суви ва завод қадоқидаги ичимликлар, қайнатилган сув) ичиш. Хом сувдан тайёрланган музларни истеъмол қилмаслик;



- гўшт, балиқ, денгиз маҳсулотларини термик ишловдан сўнг истеъмол қилиш;



- озиқ-овқат маҳсулотларига зарурат туғилганда фақат ихтисослаштирилган дўконлар ёки завод қадоқларидаги маҳсулотларни сотиб олиш;



- мева ва сабзавотларни хавфсиз сув билан ювиб, қайноқ сув билан чайиш;



- овқатланишдан олдин ҳар доим қўлингизни совун билан яхшилаб ювиш;



- сув ҳавзалари ва ҳовузларда чўмилиш ёки сузиш жараёнларида оғиз бўшлиғига сув киришига йўл қўймаслик;



- турғун ва секин оқадиган сув ҳавзаларида чўмилмаслик, бу соғлиқ учун ўта хавфли ҳисобланади.



Шунингдек, иложи борича маҳаллий умумий овқатланиш корхоналари хизматларидан фойдаланмаслик ва нотаниш егуликларни татиб кўрмаслик, бозор ва расталардан ишлаб чиқарилиши нўмалум бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилмаслик, уй шароитида тайёрланган ноз-неъматларни истеъмол қилмаслик тавсия этилади", дейди мутахассис.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//