Жаҳон
Кашмирлик математика ўқитувчиси Билол Аҳмад деярли 13 йиллик машаққатли меҳнатдан сўнг ўз уйида қуёшдан қувват олиб ишлайдиган машина ясади.
Қуёш автомобили ҳар жиҳатдан замонавий бўлиб, барча турдаги энг сўнгги гаджетлар билан жиҳозланган ва тўлиқ автоматлаштирилган. Ҳатто машинасининг эшиклари Трансформерлар фильмидаги каби узоқдан очилади.
Билол Аҳмад 1998 йилда ишлаб чиқарилган Ниссан Мисра автомобилининг асосий моделини электромобилга айлантирган. «Менга ушбу машинанинг дизайни ёқди ва бу лойиҳа учун энг зўр машина эканини ҳис қилдим. Аммо бу машинада двигателни витесга улаш мен дуч келган энг қийин муаммолардан бири эди. Кейинчалик мен унга қуёш панелларини ўрнатдим», — дейди у.
Машинанинг деярли бутун ташқи қисми қора рангдаги қуёш панеллари билан қопланган. Автомобилнинг бу қуёш панеллари ҳар қандай йўналишда айланиши мумкин ва бу нарса автомобилни янада ўзига хос қилади. Машина юқори киловаттли двигатель билан ишлайди ва йўлда оддий машина каби ҳаракат қилади. Ушбу қуёш автомобилида беш киши бемалол ўтириши мумкин.
Билол машинага зарядланувчи аккумуляторни ҳам ўрнатган, шунинг учун уни исталган зарядловчи станцияда қувватлантириш осон.
Билолнинг айтишича, автомобилнинг қуёш панеллари автоматик равишда қуёш нури кўпроқ тушадиган томонга айланади. Бу хусусият қишда булутли бўлган Кашмир каби жойларда катта аҳамиятга эга. Оддий қуёш панеллари одатда бундай об-ҳавода 20 фоиздан 30 фоизгача камроқ ишлайди. Шунинг учун у монокристалли қуёш панелларидан фойдаланган, машина ҳатто кам қуёш нурида ҳам яхши ишлайди.
Муаллифнинг сўзларига кўра, унинг машинаси бугунги замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Шунга қарамай, унинг нархи бозорда мавжуд электромобилдан анча паст. Билолнинг айтишича, агар машина кўп миқдорда ишлаб чиқарилса, унинг нархи атиги 6-8 миллион (маҳаллий валютада) атрофида бўлади. Бироқ бу машинани ясаш учун Билол 15 миллион сарфлади. Бунга унинг йиллар давомида кўплаб тажрибалар қилгани сабаб бўлган.
Автомобиль ишлаб чиқаришдан олдин, 2009 йилда Билол Аҳмад ЛПГ бошқарув хавфсизлик мосламасини ишлаб чиқди ва патентлади. Агар кимдир газ регуляторини ўчиришни унутиб қўйса, Билолнинг ЛПГ бошқарув мосламаси газни ўчиради. Қурилмани исталган жойдан телефон орқали масофадан туриб бошқариш мумкин.
Ушбу ажойиб машинани яратгандан сўнг, у кенг омма учун табиий воситалар билан ишлайдиган машинани ишлаб чиқишни ўйлади. Ўшандан сўнг қуёш автомобилини ихтиро қилиш ишлари бошланган.
Билолнинг айтишича, дастлаб у ногиронлар учун водород газида ишлайдиган машина ишлаб чиқаришни режалаштирган. Аммо бир неча ойлик асосий ишдан сўнг, молиявий қийинчиликлар туфайли лойиҳани тўхтатишга тўғри келган.
«Мен ҳар доим жамият учун яхшироқ нарса қилишни хоҳлардим. Жуда кўп ўйлардим, бугунги замонда аҳоли учун арзон ва барқарор транспорт тури бўлиши керак. Шундай қилиб, мен 2009 йилда ўзимнинг ҳовлимдан бу орзум лойиҳасини бошладим.
Ресурсларнинг етишмаслиги Кашмирнинг асосий муаммосидир. Ушбу машина устида ишлаётганимда, мен кўпинча асбобларни сотиб олиш муаммосига дуч келдим. Илгари маҳаллий бозорлардан маҳсулот сотиб олиш учун кўп вақт ва маблағ сарфланарди. Шунинг учун мен кўп марта фақат эски маҳсулотлардан фойдаланардим», — дейди Билол Аҳмад.
Шу билан бирга, у кўп марта Интернет орқали баъзи нарсаларни буюртма қилган. Билолнинг айтишича, бир марта сенсор сотиб олиш учун бир йилдан кўпроқ вақт кетган.
Шу тариқа унга автомобиль лойиҳасини ишлаб чиқиш учун етти йил керак бўлди. У фикр-мулоҳазалар асосида электромобилига тез-тез кичик ўзгаришлар киритган. Ниҳоят, кўп йиллик машаққатли меҳнат ўз самарасини берди ва у ишлаб чиқарган машина бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Кашмирда машҳур бўлди.
Кўплаб сиёсатчилардан тортиб, таниқли шахсларгача бу муаллимнинг инновацион саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Лекин Билол ҳаракатдан тўхтагани йўқ, у ҳали ҳам бу машинага қандайдир ўзгартиришлар киритиш орқали оддий одамлар учун қулай машинага айлантириш пайида.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ