Қамчиқ довони вақтинча ёпилди. Ангренда эвакуация штаби ташкил этилди

Сақлаш
15:07 / 04.01.2023 1072 0

4 январь куни соат 00:00 дан бошлаб Қамчиқ довонидан ўтган автомобиль йўлида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.

 

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, бунда об-ҳаво шароитининг кескин ўзгариши, кучли қор ёғиши ва Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра кўчки хавфи юзага келгани инобатга олинган.

 

Довон йўли Тошкент вилояти томонидан «Чинор» мунтазам ЙПХ масканидан ва Наманган вилояти ҳудудида «Шеробод» мунтазам ЙПХ масканидан ёпиб қўйилган.

 

Қайд этилишича, довон йўли очилиши бўйича қўшимча маълумот берилади.

 

Шу сабабли Ангрен шаҳар Оҳангарон кўчасида жойлашган «Ангрен-Ланд» ошхонасида дахлдор корхона ва ташкилотларнинг масъул ва мутасаддилари жалб қилиниб, фуқароларни қабул қилиш – эвакуация штаби ташкил этилди.

 

Фуқаролар «Ангрен-Ланд», «Замин-2», «Учқудуқ» ошхоналарига, «Ангрен кон металлургия» техникуми, «Файз», «Шодиёр», «Элба» меҳмонхоналарига вақтинча қабул қилиш учун жойлаштирилган.

 

 

 

Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш давомида жами 250 нафар фуқаролар 80 та юк ва 150 та енгил автомобилларда мазкур масканларга жойлаштирилган.

 

«Тошкент-Водий» темирйўл станцияси орқали, «Оҳангарон» станциясидан 19 нафар, «Ангрен» станциясидан 35 нафар ҳамда «Орзу» станциясидан 280 нафар жами 334 нафар фуқаро эвакуация қилинган.

 

Қамчиқ довони вақтинча ёпилиб қолган вақтда Қамчиқ автойўл ва Қамчиқ ФВБдан жами 113 та махсус техника ҳамда 250 нафар шахсий таркиб хизматга жалб этилгани айтилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//