2023 йил 1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Сақлаш
16:22 / 30.12.2022 2635 0

Ўзбекистон қонунчилигида 2023 йил 1 январдан кучга кирадиган асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.

 

Максимал пенсия миқдори оширилади

 

Президент фармонига асосан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилади.

 

Оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади

 

Президент қарорига кўра, ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади.

 

Божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш амалиёти жорий этилади

 

Президент фармонига асосан божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади.

 

Мактаб директорлигига номзодларга талаблар кучайтирилади

 

Президент фармонига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

 

мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пулли дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади;

 

ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади;

 

мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади;

 

мактаб директорини иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимдан озод этиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишиш талаб этилмайди.

 

Пенсия тайинлашда фуқаролардан бир қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор бўлади

 

Президент қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб:

 

давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади;

 

давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

 

давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

 

Фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади

 

Ҳукумат қарорига мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб ички ишлар органлари фаолиятига босқичма-босқич «Е-патрул» тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади ҳамда барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти «бодикамера»дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.

 

«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бериладиган пул мукофоти 3 бараварга оширилади

 

Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

 

а) «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача оширилади;

 

б) «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

 

улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;

 

шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;

 

давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;

 

в) доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;

 

г) донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи миқдорида белгиланади;

 

д) иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади;

 

е) шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.

 

Янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларисиз лойиҳалаштириш тақиқланади

 

Президент фармони билан 2023 йил 1 январдан бошлаб:

 

янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади;

 

янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг чиқинди тўплаш жойлари улардаги квартиралар сонига мутаносиб равишда ҳамда атрофдаги мавжуд чиқинди тўплаш шохобчалари қуввати ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади.

 

Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига янги қурилган кўп квартирали уйлар чиқинди тўплаш жойлари белгиланмасдан фойдаланишга қабул қилинмаслигини қатъий назоратга олиш ва таъминлаб бориш вазифаси юкланади.

 

Якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммаси кескин камайтирилади

 

Президент қарорига асосан якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизидан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно).

 

Якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга рухсат этилади

 

Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларга рухсат этилсин:

 

якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафел териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни, шу жумладан юридик шахслар учун ҳам бажаришга;

 

қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга.

 

Бунда, якка тартибдаги тадбиркорларга умумий қурилиш ишларини бажариш учун 5 нафаргача ходимларни ёллашга рухсат этилади;

 

умумий қурилиш ишларини бажариш фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда камида 3 нафар ходимни ёллаган якка тартибдаги тадбиркорга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга субсидия ажратилади. Бунда, субсидия миқдори битта ходим учун БҲМнинг 15 бараваридан ошмаслиги лозим.

 

Шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари берилади

 

Ҳукумат қарорига асосан шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш босқичма-босқич:

 

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — 2023 йил 1 январдан бошлаб;

 

республиканинг барча шаҳарларида — 2023 йил 1 майдан бошлаб амалга оширилади.

 

Туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш тартиби жорий этилади

 

Ҳукумат қарорига асосан туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш тартиби 2023 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 июндан эса бутун республика ҳудудида жорий этилади.

 

Электромобилларни қувватлантириш станцияларини қуриш рағбатлантирилади

 

Президент қарори билан 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:

 

электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан, шунингдек, электромобилларни қувватлантириш станциялари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан;

 

асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш (ушбу фаолият тури бўйича тушумнинг умумий реализация қилиш ҳажмидаги улуши 50 фоиз ва ундан юқори) бўлган тадбиркорлик субъектлари фойда солиғидан;

 

транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;

 

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод қилинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//