Ўзбекистонда 2022 йилда иккиламчи бозордаги автомобиллар нархи қанчага ўсгани маълум қилинди

Сақлаш
22:28 / 28.12.2022 1066 0

Ўзбекистонда 2022 йилда иккиламчи бозордаги автомобиллар нархи 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 12-15 фоизга ўсгани маълум қилинди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

 

Фото: Review.uz

 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йил давомида иккиламчи бозордаги автомобиллар нархи ўртача 12-15 фоизга ўсган.

 

Хусусан, Damas нархи ўртача — 15 фоизга, Ваз (Lada) 2106 — 12 фоизга, Lacetti (3-позиция) — 16 фоизга, Spark (2-позиция) — 18 фоизга, Cobalt (4-позиция) — 20 фоизга, Nexia 3 (4-позиция) — 18 фозига ва Malibu 2 — 7 фоизга ошган. Хорижий автомобиллар орасида нархларнинг энг катта ўсиши KIA Carnival автомобиллари — 12 фоиз, Lada Vesta — 18 фоиз ва Hyundai Sonata — 6 фоиз да қайд этилган.

 

Бундан ташқари, 2022 йилда иккиламчи бозорда сотилган автомобилларнинг ўртача йили 2011 йилни ташкил этиб, бу ўртача 11 ёшга тўғри келади дегани. Худди шундай, 2021 йилда бу кўрсаткич 2008 йилни, 2020 йилда эса 2007 йилни ташкил этган, бу ўртача 13 ёшга тўғри келади демакдир. Таҳлилга кўра, юқоридаги кўрсаткичлар иккиламчи бозордаги автомобиллар ёшараётганини билдиради. Бу нисбатан янги автомобилларни қайта сотиш сонининг кўпайиши билан боғлиқ.

 

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, иккиламчи бозорда автомобилларнинг ўртача юриш масофаси йилига 22 минг 131 киломтерни ташкил қилади, ҳисоблаш учун 2012 йилдан кейин ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланилган. Бундан ташқари, автомобилларнинг йиллик юриш масофасининг тақсимоти ўрганилиб, натижада Ўзбекистонда автомобиль эгаларининг 60 фоизи йилига ўртача 22 000 километргача, 20 фоизи — 22 000 дан 30 000 километргача, қолган 20 фоизи — 30 000 дан 100 000 километргача гача ҳаракатланиши аниқланган. Ушбу натижаларга асосан, ҳайдовчилар учта асосий гуруҳга ажратилган.

 

Шундай қилиб, автомобиль эгаларининг кўпчилиги биринчи гуруҳга таснифланган, бу ерда бир кунлик масофа 60 километрдан ошмайди ва машина асосан шаҳар бўйлаб ҳаракатланади ҳамда ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилади.

 

Иккинчи гуруҳга кунига 82 километргача ҳаракатланувчи автомобиль эгалари ҳар куни шаҳар четидан ишлаш/ўқиш учун келадиган/кетадиган автомобиль эгалари ёки шаҳар такси ҳайдовчилари киради. Ҳайдовчиларнинг 3-гуруҳи кунига 274 километргача йўл юради, бу гуруҳга шаҳар ва шаҳарлараро такси ҳайдовчилари киради.

 

Бундан ташқари, иккиламчи бозорда автомобилларнинг ўртача йиллик масофаси ҳудудга қараб ўзгаради. Ҳудудлар орасида Сирдарё (29,6 минг километр), Андижон (27,4 минг километр), Жиззах (27 минг километр), Фарғона (26,8 минг километр) ва Тошкент (25,5 минг километр) вилоятларидаги автомобиль эгалари энг юқори масофа кўрсаткичларига эга.

 

Тошкент шаҳрида сотувга қўйилган автомобилларнинг ўртача масофаси йилига 22 минг километрдан 23,2 минг километргача ҳаракатланиб, иккиламчи автомобиль бозорининг 38 фоиз улуши шу ҳудудга тўғри келади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//