Санъатшунос Дилфуза Раҳматуллаева вафот этди

Сақлаш
16:03 / 28.12.2022 1617 0

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор, ЎзРФА Санъатшунослик институти бош илмий ходими  Дилфуза Раҳматуллаева вафот этди.

 

Дилфуза Раҳматуллаева – 1962 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1984 йилда ТошДУнинг (ҳозирда Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тугатган. 2000–2003 йилларда Санъатшунослик институти докторантурасида таҳсил олган. 1993 йилда «Ўзбек драматургиясида тарихий драма тараққиёти ва шоиралар сиймоси талқини» мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, санъатшунослик фанлари номзоди, 2005 йил «ХХ аср ўзбек драматургияси ва театр санъатида тарихий драма (шаклланиш ва ривожланиш муаммолари)“ мавзусидаги санъатшунослик фанлари доктори илмий даражасини олган. 2018 йилда ЎзР ОАК қарорига кўра унга профессор унвони берилган.

 

Раҳматуллаева фаолиятини 1988 йилда Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида катта лаборант вазифасида бошлаган. Бугунги кунга қадар мазкур институтда илмий ходим, 1998–2001 йилларда «Санъат» журналининг ўзбек тилидаги сонига масъул сифатида, 2001–2005 йилларда ЎзМУ «Санъатшунослик» кафедрасида доценти, 2006–2018 йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор, Тасвирий санъат факультети «Театр безаги рангтасвири» кафедраси профессори, 2018–2021 йилларда ЎзФА  Санъатшунослик институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. Ҳозиргача у ушбу институтнинг «Театр ва хореография» бўлими бош илмий ходими лавозимида хизмат қилиб келаётганди.

 

Дилфуза Раҳматуллаева кўплаб монография, ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда ўзбек драматургияси ва театр санъатига бағишланган 250 га яқин илмий, бадиий-танқидий, маънавий-маърифий йўналишдаги мақолалар эълон қилган. Шунингдек, у Қирғизистон Театр санъати академиясининг академиги ҳисобланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//