Ўзбекистонда 2023 йилда қайси давлат идораси бюджетдан қанча маблағ олади?

Сақлаш
19:21 / 22.12.2022 1467 0

Бугун, 22 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2023 йилги давлат бюджети қонунини қабул қилди. 

 

Қонун лойиҳасига кўра, 2023 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 310,6 трлн сўм, харажатлар эса 343,2 трлн сўмни ташкил этиши мўлжалланмоқда. Тақчиллик чегараси – 32,5 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз.

 

2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024−2025 йилларга бюджет мўлжаллари

 

2023 йилда олинадиган давлат ташқи қарзининг чекланган миқдори – 4,5 млрд доллар. Шундан 2 миллиарди давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 миллиарди инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади. Ўзбекистон Республикаси номидан 17 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

 

2023 йилда ялпи ички маҳсулот 1 триллиард сўмдан ошиши (1 068 трлн сўм) кутилмоқда. ЯИМ ўсиши 2022 йилда 5,7 фоиз, 2023 йилда 5,3 фоиз, 2024 йилда 5,6 фоиз, 2025 йилда 6 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.

 

Ҳужжатга кўра, узоқ йиллар ичида биринчи марта 2023 йилда инфляция икки рақамли кўрсаткичдан пастга тушиб, 9,5 фоиз бўлиши мўлжал қилинмоқда.

 

 

2023, 2024 ва 2025 йилларга асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози. Ҳукумат 2024 инфляция икки баробар пасайиб, 5-6 фоиз бўлишини ваъда қилмоқда.

 

Биринчи даражали бюджет тақсимловчилар (вазирлик ва идоралар) сони – 64 та (2022 йилда 58 та эди). 2023 йилда улар:

 

  • ўзларининг жорий харажатларини қайта тақсимлаш ва маблағларни бир давлат дастуридан бошқасига қайта тақсимлаш ваколатига эга бўлади;
  • республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш ҳолати бўйича Қонунчилик палатасида ҳисобот бериб бориши керак бўлади.

 

2023 йилда биринчи даражали бюджет тақсимловчиларига республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар (қавс ичида республика бюджетидан 2022 йилда ажратилган маблағ кўрсатилган):

 

  1. Молия вазирлиги* – 73,4 трлн (73,5 трлн)*
  2. Халқ таълими вазирлиги – 26,7 трлн (25,8 трлн)
  3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги** – 16,2 трлн (769,2 млрд)
  4. Мактабгача таълим вазирлиги – 8 трлн (6,5 трлн)
  5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги – 6 трлн (4,1 трлн)
  6. Транспорт вазирлиги – 5,2 трлн*** (5,9 трлн)
  7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 3,6 трлн (3 трлн)
  8. Сув хўжалиги вазирлиги – 3,4 трлн (3,4 трлн)
  9. Вазирлар Маҳкамаси – 1,9 трлн (1,6 трлн)
  10. Давлат солиқ қўмитаси – 1,5 трлн (1,5 трлн)
  11. Бош прокуратура – 1,5 трлн (1,4 трлн)
  12. Уй-жон коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги – 1,3 трлн (1,3 трлн)
  13. Президент админстрацияси (ДБА, СМТИ, АОКА ва Тиббиёт бош бошқармаси билан бирга) – 1,2 трлн (795,1 млрд)
  14. Спортни ривожлантириш вазирлиги – 1,2 трлн (қайта ташкил этилди)
  15. Олий суд – 1,2 трлн (1 трлн)
  16. Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси – 1,1 трлн (1,1 трлн)
  17. Инновацион ривожланиш вазирлиги – 1 трлн (843,3 млрд)
  18. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги – 931 млрд (415,8 млрд)
  19. Ташқи ишлар вазирлиги – 765,4 млрд (577,1 млрд)
  20. Маданият вазирлиги – 746 млрд (728 млрд)
  21. Ветеренария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси – 665,6 млрд (246,8 млрд)
  22. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги – 657 млрд (615,8 млрд)
  23. Президент таълим муассасалари агентлиги – 665,2 млрд (430,5 млрд)
  24. МТРК – 521,9 млрд (561,4 млрд)
  25. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги – 478 млрд (1,3 трлн)
  26. Қонунчилик палатаси – 394,5 млрд (237,9 млрд)
  27. Ёшлар ишлари агентлиги – 375 млрд (212,8 млрд)
  28. Фанлар академияси – 364,8 млрд (328,2 млрд)
  29. Туризм ва маданий мерос вазирлиги – 340 млрд (қайта ташкил этилди)
  30. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси – 278,4 млрд (38,4 млрд)
  31. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги – 276,3 млрд (90 млрд)
  32. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги – 267 млрд (230 млрд)
  33. Қурилиш вазирлиги – 232 млрд (358,9 млрд)
  34. Адлия вазирлиги – 214,8 млрд (164,9 млрд)
  35. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси – 204,6 млрд (136,8 млрд)
  36. Давлат статистика қўмитаси – 197,6 млрд (264,6 млрд)
  37. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – 183,6 млрд (160 млрд)
  38. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси – 176,8 млрд (186,6 млрд)
  39. “Ўзгидромет” – 166 млрд (180,7 млрд)
  40. Касаба уюшмалари федерацияси – 150 млрд (ўтган йили олмаган)
  41. Кинематография агентлиги – 125,8 млрд (233 млрд)
  42. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги – 102,3 млрд (87,4 млрд)
  43. Сенат – 92,8 млрд (148,2 млрд)
  44. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси – 92,8 млрд
  45. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги – 87,6 млрд (57,4 млрд)
  46. Энергетика вазирлиги – 70,5 млрд (55 млрд)
  47. Ҳисоб палатаси – 69 млрд (60,4 млрд)
  48. Маънавият ва маърифат маркази – 65,7 млрд (62,3 млрд)
  49. Стратегик ислоҳотлар агентлиги – 35,8 млрд (7,5 млрд сўм)
  50. Судялар олий кенгаши – 35 млрд (33,1 млрд)
  51. Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) – 33,7 млрд (20,6 млрд)
  52. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги – 23,6 млрд (20 млрд)
  53. Марказий сайлов комиссияси – 16,5 млрд (11 млрд)
  54. Омбудсман – 16,4 млрд (8,3 млрд)
  55. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси – 14,1 млрд (14,3 млрд)
  56. “Ўзархив” – 13,6 млрд (10,4 млрд)
  57. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ – 13,4 млрд (11,4 млрд)
  58. Давлат активларини бошқариш агентлиги – 11 млрд (10,7 млрд)
  59. Монополияга қарши курашиш қўмитаси – 10 млрд (8,9 млрд)
  60. Конституциявий суд – 8,8 млрд (12,2 млрд)
  61. Бошқа ташкилотлар – 36 трлн (29 трлн)

 

* Молия вазирлиги харажатлари таркибида маҳаллий бюджетларга трансфертлар (24 трлн), Пенсия жамғармасига трансфертлар (15 тлрн), Пенсия жамғармаси бўйича ижтимоий харажатлар (5,6 трлн сўм), Таълим кредитини молиялаш жамғармасига трансфертлар (1,7 трлн) давлат қарзининг фоиз тўловлари бўйича харажатлари (6,7 трлн) ва бошқа тўловлар бор.

 

*** Иқтисодиёт вазирлиги харажатлари таркибида ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш бўйича ихтисослаштирилган компания (UzGasTrade) зарарларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар (14,2 трлн сўм) ва бошқалар бор.

 

*** Транспорт вазирлиги харажатлари таркибидан Автойўллар жамғармасига 4,7 трлн сўм трансферт ўрин олган.

 

Юқоридаги рўйхатдан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси каби куч тузилмалари ўрин олмаган. Бюджет кодексига кўра, мамлакатда мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш, ички тартибни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

 

Давлат мақсадли жамғармаларига давлат бюджетидан трансфертлар:

 

  • Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси – 15 трлн сўм
  • Автомобил йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси – 4,7 трлн
  • Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси – 3,1 трлн
  • Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси – 1,7 трлн
  • Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси – 1 трлн
  • Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси – 920 млрд
  • Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси – 900 млрд
  • Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси – 750 млрд
  • Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма – 480 млрд
  • Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси – 300 млрд
  • Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси – 255 млрд
  • Жамоат ишлари жамғармаси – 208 млрд
  • Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси – 200 млрд
  • «Эл-юрт умиди» жамғармаси – 200 млрд
  • Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси – 80 млрд
  • Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси – 50 млрд

 

Қуйидаги давлат мақсадли жамғармаларига давлат бюджетидан трансфертлар кўзда тутилмаган (харажатлар йил бошидаги қолдиқ ва бошқа турли манбалардан олинадиган даромадлар ҳисобига молиялаштирилади):

 

  • Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси
  • Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси
  • Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси
  • Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси
  • Виночиликни ривожлантириш жамғармаси
  • Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси

 

2023 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари 11,7 трлн бўлиши кўзда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//