Европа ва АҚШда «омикрон»нинг янги мутацияси кенг тарқалмоқда

Сақлаш
20:41 / 14.12.2022 894 0

Ҳозир дунёда «омикрон»нинг BА.4 ва BА.5 версиялари етакчи. Аммо ҳадемай вазият бошқача тус олиши мумкин. Буни халқаро экспертлар икки ой аввал прогноз қилганди. Ўшанда ноябрдан бошлаб янги мутациялар Европада доминантга айланиши айтилганди.

 

Бугун «кўҳна қитъа»да BQ1.1 субварианти кенг тарқалмоқда. Мутахассислар унга «сербер» деб ном беришган. Мазкур мутация ўта юқумли ва иммунитетга осон «чап бериш» хусусиятига эга.

 

Бир ҳафта ичида икки баравар кўпая олиши лаборатор текширувлар давомида тасдиқланган. Қолаверса, аввалги штаммларга нисбатан инсон ҳужайралари билан яхшироқ алоқага кириша олади. Шу боис ушбу вариантни юқтирганлар орасида шифохонага ётқизилиш ҳолатлари сезиларли даражада ортган.

 

Айни пайтда BQ1.1 Дания, Франция, Бельгия, Ирландия, Нидерландия ва Италияда шиддат билан тарқаляпти. Хусусан, Данияда ушбу янги субвариант уч ой ичида 0,5 фоиздан 40 фоизгача кўпайди. Келгуси ҳафталарда у мамлакат бўйлаб доминантга айланиши кутиляпти.

 

Шунингдек, АҚШда ҳам мазкур «кичик штамм» улуши 40 фоизга яқинлашган. Ваҳоланки, икки ой аввал бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил этаётган эди. Прогнозларга кўра, профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмаса, ушбу янги мутация яқин келажакда дунё бўйича доминант версияга айланиши мумкин.

 

Шу боис, мутахассислар, 60 ёшдан ошган, ёндош касалликларга чалинган ва иммунитети заиф кишилар, қолаверса, ҳомиладор аёллар биринчи навбатда бустер доза билан эмланиши зарурлигини таъкидламоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//