Тошкентда ўзбек ва қозоқ мутафаккирларига бағишланган конференция бўлиб ўтди

Сақлаш
17:45 / 13.12.2022 912 0

12 декабрь куни Марказий Осиё халқаро институтида «ХИХ аср ўзбек ва қозоқ мутафаккирлари дунёқарашида умумий тарихий-маданий меросни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

 

Тадбир МОХИ ва Қозоғистон Республикасининг Р.Б. Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 

Конференцияда икки мамлакат етакчи таҳлил ва илмий-тадқиқот муассасаларидан жами 80 дан ортиқ мутахассислар иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги вакиллари, ЖИДУ, ЎзМУ, ТДЮУ, Ю.Ражабий номидаги мусиқа санъати институти вакиллари иштирок этди.

 

Қозоқ томонидан Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбут Атамқулов, Р.Б. Сулейменова номидаги Шарқшунослик институти Республика тарихий материалларни ўрганиш маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг мухбир аъзоси Меруерт Абусеитова, М.О. Ауезов номидаги Адабиёт ва санъат институти бош директори Кенжехан Матижанов, Л.Н. Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети «Абай Академияси» илмий-тадқиқот институти директори, филология фанлари номзоди Жандос Аубакир ва қатор етакчи илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари қатнашди.

 

Анжуманда ХИХ аср ўзбек-қозоқ мутафаккирларининг илмий, фалсафий ва адабий меросини тадқиқ этиш, умумтуркий ва жаҳон цивилизацияси масалалари, икки халқ маърифатпарварларининг маданий соҳадаги ўзаро ҳамкорлигининг қирралари, уларнинг ривожига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.

 

Бу давр ижтимоий-фалсафий тафаккурининг кўзга кўринган намояндалари Аҳмад Дониш, Абай (Иброҳим Кунанбоев), Чўқон Валихонов, Саттархон Абдулғаффоров, Муҳаммаджон Муқимий, Зокиржон Фурқат, Тошхўжа Асирий ва бошқаларнинг кўп қиррали тарбиявий ва ислоҳотчилик фаолияти яратилди.

 

Шунингдек, мустамлакачилик тузуми даврида Ўрта Осиё дунёқараши ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида, ниҳоятда муҳим ўрин эгаллаган жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши учун қулай муҳитни шакллантирди.

 

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ХИХ асрда Марказий Осиё халқларининг тарихий-маданий меросини англаш ва асраб-авайлаш жараёнига улкан ҳисса қўшган ўзбек-қозоқ мутафаккирлари фаолиятини тадқиқ этиш ғоятда аҳамиятлидир.

 

МОХИ директори Анвар Насиров ўз нутқида ушбу тадбир бутун Ўзбекистонда кенг нишонланадиган қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоири, мутафаккири «Абай Кунанбоев мероси кунлари» даврида ўтказилаётганини таъкидлади.

 

«Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокида қатор ижодий кечалар ташкил этилиб, олий ўқув юртларида шоир ижоди ҳақида маърузалар тингланмоқда.

 

Ўзбекистон Миллий академик драма театрида «Абай» спектаклини намойиш этиш режалаштирилган. Тошкент, Навоий, Жиззах, Сирдарё вилоятларида буюк мутафаккирга бағишланган маданий-ижодий кечалар ташкил этилди.

 

Ушбу тадбирлар Абай Кунанбоевнинг маънавий мероси билан яқиндан танишиш орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.

 

А.Насиров Ўзбекистон Қозоғистон билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб, икки мамлакат ўртасидаги муштарак тарих, дин, тил ва ўхшаш маданият ҳамда урф-одатлар мавжудлиги хусусида фикр билдирди».

 

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, ўзбек-қозоқ дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга чиқди.

 

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Остона (Нур-Султон) шаҳрига ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорлик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилди, бу ўзаро яқинроқ ҳамкорликни назарда тутади, муносабатларнинг янги юксак ишонч характерини таъкидлайди.

 

Марказий Осиё умумий тарихий-маданий маконида алоҳида ўрин тутган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бугунги кунда минтақамиздаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда».

 

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Атамқулов тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб, ўтказилган анжуманнинг аҳамиятини юқори баҳолади.

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан олиб борилаётган минтақавий сиёсат бугунги кунда бутун Марказий Осиё тараққиётининг локомотиви вазифасини ўтамоқда. Икки мамлакатнинг замонавий ўзгаришлари маданий мерос ва тарихий муштаракликни намойиш этади.

 

«Ўзбек ва қозоқ халқларининг илдизлари муштарак. Президентларимиз умумий масалаларни ёнма-ён ҳал қилишади. Бизни ягона маданият, тарих, ер ва сув бирлаштиради. Деҳқонларимиз бир дарёнинг сувидан фойдаланади».

 

Бундан ташқари, элчи Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Абай ҳафталиги ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

 

«Абай ижоди нафақат умумий тарихимиз, балки бугунимиз ва келажагимиздир. Абай бутун туркий халқларнинг мероси ва Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг мулкидир. Абай олижаноблик, бахт-саодат, инсонпарварлик масалаларини кўтарган бўлиб, бугунги кунда ҳам долзарбдир».

 

Р.Б. Сулейменова номидаги Шарқшунослик институти Республика тарихий материалларни ўрганиш маркази директори М.Абусеитова Қозоғистон ва Ўзбекистон тарихи жаҳон, инсоният тарихи, шунингдек, ягона Марказий Осиё цивилизациясининг ажралмас қисми эканини алоҳида таъкидлади.

 

Унинг қайд этишича, ўзбек-қозоқ халқларининг уч-тўрт минг йиллик муштарак тарих бугунги кунда минтақада кечаётган интеграция жараёнларини янгилаш учун асос яратмоқда.

 

М.Абусеитова илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталар экан, Марказий Осиё олимлари ва тадқиқотчиларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун янги концептуал ёндашувни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

 

Шу муносабат билан эксперт минтақавий муносабатларнинг назарий асосларини, устувор сиёсий ва иқтисодий ривожланиш йўналишларини, халқаро ва давлатлараро муносабатлар прогнозларини ўз ичига олган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни шакллантириш концепциясини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилди.

 

Л.Н. Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети «Абай академияси» илмий-тадқиқот институти директори Ж.Аубакир ўз нутқида Абай асарларининг умуминсоний қадриятлар ва инсонпарварлик ғоялари билан тўйинган мазмунига алоҳида эътибор қаратди. У Абай нафақат қозоқ халқининг, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг миллий ифтихори эканини таъкидлади.

 

Ўз навбатида М.О.Ауезова номидаги Адабиёт ва санъат институти бош директорининг ўринбосари, т.ф.н. н. Т.Қидир Абай Кунанбоевнинг шарқона услубда ёзилган шеърлари, жумладан «Алифба», «Юзи Раушан», «Фузулий, Шамси, Сайхали» шеърларининг аҳамияти хусусида тўхталди. Шу билан бирга, эксперт бу шеърлар Абай ўзига устози деб билган буюк ўзбек шоири Алишер Навоий таъсирида ўрта аср туркий адабий тили (чағатой) услубида ёзилганини алоҳида таъкидлади.

 

Қозоғистонлик мутахассис Б.Ботирхон Навоий ва Абай бутун инсоният мулки эканини таъкидлади. Уларнинг шеърияти абадий, ҳикмат, муҳаббат ва ижодга садоқат шеъриятидир. Навоий ва Абай икки қардош халқнинг буюк мероси бўлиб, бу нафақат муштарак туркий, балки умуминсоний қадриятларнинг шаклланиши намунасидир.

 

Уларнинг чуқур фалсафий рисолалари, шеърий асарлари нафақат икки қардош халқнинг буюк мероси бўлибгина қолмай, Шарқ цивилизациясида ҳам улкан аҳамиятга эга.

 

Тарих фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Д.Алимова Марказий Осиё мамлакатлари халқларининг тарихи, анъана ва урф-одатлари муштараклиги бугунги кунда минтақада кечаётган интеграция жараёнларида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

 

«Марказий Осиё ҳудудидаги давлатларнинг қадимий савдо-иқтисодий муносабатлари, жаҳон империяларининг ягона тизимига кириши, мустақиллик учун кураш, ВИИИ асрдан бошлаб Араб халифалигида бирга яшаш, қадимий маданий қадриятларнинг тикланиши, ягона ислом дини ва дунёга энг буюк номлар ва кашфиётлар берган бошқалар – бу тарихий жараёнларнинг барчаси ўзбек-қозоқ халқлари жипслашувига хизмат қилди».

 

Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори. Р.Абдуллаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда тарихий-маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш масалалари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир.

 

ХИХ аср маърифатпарварларининг маънавий мероси ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар ва Марказий Осиёнинг бошқа халқларининг тарихий онги ва миллий ўзлигини шакллантиришга жиддий таъсир кўрсатди. Маърифатпарварлар Гёте, Пушкин, Фирдавсий, Низомий, Навоий, Саъдий ва бошқа адиблар ижоди билан танишиш орқали ўз халқларини жаҳон ва миллий маданият қадриятлари билан таништиришга интилиб, маданиятлар ўртасидаги мулоқот ва ўзаро сингдиришга ҳисса қўшдилар.

 

Мазкур тадбирнинг ўтказилиши икки давлат илмий ҳамжамияти вакиллари ва экспертлари ўртасида очиқ ва конструктив фикр алмашиш, уни мунтазам ўтказиш учун замин яратади.

 

Шунингдек, халқаро конференция ўзаро тажриба алмашиш ва икки томонлама илмий-амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//